АҚШ – Ўзбекистон: тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, жумладан, Элчихонанинг Иқтисодий ва тижорат бўлими раҳбари Дэниэл Раков билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, устувор йўналишлар ҳамда АҚШ билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хусусан, инвестиция, технологиялар трансфери, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биотехнология ва илмий-тадқиқот ишлари йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида "BioPharma City" фармацевтика кластери экотизими, унинг илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси, шунингдек, хорижий компаниялар ва илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари тақдим этилди.
Томонлар АҚШ компаниялари, университетлари ва соҳавий ташкилотлари билан қўшма инвестициявий ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув доирасида АҚШ элчихонаси вакиллари Pharmaceutical Technical University (PTU) фаолияти билан ҳам танишди. Уларга университетнинг таълим ва илмий инфратузилмаси, шунингдек, кластери доирасида фармацевтика, биотехнология ва тиббий тадқиқотлар соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА