Бу ҳақида Андижонда вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Мамлакатимизда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизими фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ишини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Андижон вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳамда кейинги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумот берилди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилишга доир жами 3 минг 542 та мурожаат қабул қилиниб, кейинги босқичда кўриб чиқиш учун тақдим этилди, – дейди Андижон вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, подполковник Жаҳонгир Исмоилов. – Президентимизнинг тегишли фармонлари асосида 2017 йилда 108 нафар, 2018 йилда 598 нафар, 2019 йилда 1 минг 327 нафар, 2020 йилда 585 нафар, 2021 йилнинг ўтган даврида эса 268 нафар жами 2 минг 891 нафар фуқаролиги йўқ шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. 145 нафар шахсларнинг илтимосномаси Фуқаролик масалалари комиссияси томонидан қаноатлантирилмаслиги маълум қилинди.
[gallery-3875]
Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартириш киритилди. Унга кўра, 2005 йил 1 январ кунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кўчиб келиб, доимий рўйхатдан ўтган ҳамда 15 йил давомида юртимизда доимий яшаб келаётган Андижон вилояти ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 725 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилди. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 26 минг 876 нафар кишига биринчи маротаба шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи "ID" карталар тақдим этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Матбуот анжумани доирасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилинган 10 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID карталари тантанали равишда топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА