Андижонда Беларусь маҳсулотларининг тақдимоти ўтказилди
Беларусь Республикаси Витебск областидаги гўшт, сут ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакилларидан иборат делегация Андижон вилоятида бўлди.
Беларуслик меҳмонлар Андижон халқаро аэропортида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан ўзбекона меҳмондўстлик билан кутиб олинди.
Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари Президентлари ташаббуси билан сўнгги йилларда икки давлат ўртасида иқтисодий, маданий ва бошқа қатор соҳалардаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Жумладан, Андижон вилояти ва Витебск области ўртасидаги ҳамкорлик, янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга киришилганлиги ана шу йўналишдаги ишларнинг амалий намунасидир.
Ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳудудлар ўртасида имзоланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Витебск областидаги гўшт, сут ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакилларининг Андижон вилоятига ташрифи ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратади.
– Ташрифимизнинг асосий мақсади, Андижон вилоятдаги турдош корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиш, – дейди Витебск области ижроқўми иқтисодиёт қўмитаси раиси ўринбосари Жанна Шарандо. – Қолаверса, ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд имкониятларимиздан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Ишонаманки, ташриф давомида қатор келишувларга эришамиз.
[gallery-31437]
Ташрифнинг биринчи кунида белоруслик меҳмонлар икки гуруҳга бўлинган ҳолда Андижон вилоятидаги қатор корхоналарда бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.
Хусусан, трикотаж ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Труд-Витебск”, “Любава ЛЮКС”, “Белвест”, “Белвест Ритейл Москва” сингари қатор корхоналар вакиллари Андижон шаҳрида “DIROM Jeans” бренди асосида жинсий ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган “BOBUR HBK”, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “DINAR GROUP” масъулияти чекланган жамиятлари, шунингдек, Олтинкўл туманидаги “Чарм-пойабзал” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар, ташкил этилган бозор, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди.
Гўшт, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари эса Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” кўп тармоқли наслчилик фермер хўжалиги, Бўстон туманидаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “RASHMILKY” корхонаси, Сарижўга маҳалласидаги чорвачилик комплекси, Асака туманидаги “Барака ҳамкор парранда” МЧЖ томонидан ташкил этилган паррандачилик комплекси фаолиятлари билан танишди.
Ташрифнинг иккинчи кунида вилоят савдо-саноат палатасида Беларусь корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди ва уларнинг тақдимоти ўтказилди.
– Корхонамиз “тушенка”лар ҳамда кичик ёшдаги болалар учун 50 дан ортиқ турдаги махсус консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган Беларусь Республикасидаги ягона корхона ҳисобланади, – дейди “Оршанск гўшт-консерва комбинати” очиқ акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Константин Чеховский. – Маҳсулотларимиз табиий, яъни янги гўштдан тайёрланади. Шу боис, маҳсулотларимиз барча сифат талабларига тўла жавоб беради. Маҳсулотларимизнинг қарийб 50 фоизи қўшни ва хорижий давлатларга экспорт қилинади. Тақдимотда андижонлик тадбиркорларни маҳсулотларимиз билан таништирдик, улар кўпчиликка манзур бўлди. Ўзбекистон бозорида ҳам маҳсулотларимиз ўз харидорини топа олади, деб ўйлайман.
Тақдимотдан сўнг меҳмонлар Андижон тумани Жевачи маҳалласида жойлашган “Молочная радость” сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, меҳмонлар Андижон шаҳрининг марказий деҳқон бозори ҳамда бошқа диққатга сазовор жойларида бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари