Амир Темурнинг тарихий меросига бағишланди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Таъкидланганидек давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори тарихий, маданий ва маънавий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарор асосида ўтказилаётган тадбирлар миллий тарихимизни юксак қадрлаш, ёш авлодни тарихий тафаккур, миллий ғурур ва фуқаролик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар Амир Темурнинг тарихий роли, миллат тараққиётидаги ўрни ҳамда фуқаролик онгини шакллантиришдаги стратегик аҳамияти ҳақида чуқур фикрлар билдирдилар. Шунингдек буюк саркарданинг жасорат, донишмандлик ва адолат тамойиллари ҳамда стратегик тафаккури ёшларни миллий ғурур, масъулият ва фуқаролик руҳида тарбиялашда муҳим эканини таъкидлашди. Улар тарихий билимларни юксак қадрлаш ва Ватан манфаатларини ҳимоя қилиш тажрибасини бугунги кун бошқаруви учун ҳам ўрнак сифатида баҳоладилар.
Тадбир давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Умуман олганда, ушбу тадбир бобомизнинг тарихий меросини юксак қадрлаш, ёш авлодни миллий ғурур, тарихий тафаккур руҳида тарбиялаш борасида ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири