Амалий ҳамкорлик кучаймоқда
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалий ташрифи изчил ва натижадор руҳда давом этди. Ташриф дастури доирасида Тяньцзинь, Шэньчжэнь ҳамда Ҳонконг шаҳарларида юқори даражадаги учрашувлар, бизнес мулоқотлар ва инвестициявий форумлар ташкил этилди.
Ташрифнинг илк кунлариданоқ делегация фаолияти амалий мазмунда бошланиб, қатор нуфузли ташкилот ва компанияларда, жумладан, “Phytium Information Technology”, “360 Technology Group” ва “Tianjin Haitai Internet Technology” каби корхоналарда бўлиб ўтган учрашувларда замонавий технологик ечимлар, рақамли иқтисодиёт платформалари ҳамда инновацион ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди. Шу билан бирга, ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, электрон харид тизимлари ва тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида амалий музокаралар ўтказилди.

Тяньцзинь шаҳри раҳбарияти билан бўлиб ўтган расмий мулоқотларда ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, аниқ инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “Сирдарё – Тяньцзинь савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” юқори савияда ташкил этилди. Мазкур форумда 700 га яқин хитойлик тадбиркорлар ва 50 га яқин сирдарёлик ишбилармонлар иштирок этиб, тўғридан-тўғри мулоқот ва янги келишувларга эришиш учун самарали майдон яратилди.
Таълим соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, Тяньцзинь енгил саноат касбий-технологик коллежи билан мутахассислар тайёрлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва таълимни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди.

Ташрифнинг кейинги босқичи Шэньчжэнь шаҳрида давом этди. Бу ерда “Сирдарё – Шэньчжэнь савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” ташкил этилди. Унда 400 дан ортиқ хитойлик компания вакиллари, қарийб 50 нафар сирдарёлик тадбиркорлар ҳамда маҳаллий расмийлар иштирок этишди. Ишлаб чиқариш, логистика ва инновацион технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, етакчи компаниялар иштирокида ўтказилган давра суҳбатларида сув таъминоти, саноат инфратузилмаси, электротехника ва сув маҳсулотлари етиштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Қатор компаниялар вакиллари Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, лойиҳаларни жойида ўрганиш истагини билдиришди.
Ташриф доирасида Ҳонконг махсус маъмурий ҳудудида ҳам қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтди. Жумладан, Ҳонконг ижро ҳокимияти раҳбари Жон Ли Качиу билан учрашувда савдо-логистика, саноат, инновациялар, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ҳонконг Бош Савдо палатаси ва Ҳонконг савдони ривожлантириш кенгаши раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотларда Сирдарё вилоятининг инвестиция салоҳияти кенг тақдим этилди. Томонлар транспорт-логистика, IT соҳаси, туризм ва экспорт йўналишларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришдилар.

Умуман олганда, мазкур ташриф аниқ натижаларга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлиб, у орқали Сирдарё вилоятида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА