Аҳолининг ижтимоий шароитини яхшилаш депутатлар эътиборида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак ҳамда O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган 2-сон техникуми фаолияти билан яқиндан танишди. Дастлаб таълим муассасасида яратилган шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши ҳамда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Бугунги кунда мазкур техникумда “Рақамли ахборотларни қайта ишлаш”, “Компьютер графикаси”, “Тикувчилик ва тўқувчилик”, “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш”, “Мебель ишлаб чиқариш”, “Мактабгача таълим”, “Банк назорати” ва “Ўт ўчирувчилик” каби 8 та мутахассислик йўналиши бўйича 710 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу эса ҳудудда меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

Техникум директори Авазбек Шерматовнинг таъкидлашича, янги ўқув йилидан бошлаб яна учта замонавий йўналиш — қуёш панелларига хизмат кўрсатиш, электромобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари бўйича таълим йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу эса нафақат ўқувчилар учун янги имкониятлар яратади, балки ҳудуд иқтисодиётининг инновацион ривожига ҳам хизмат қилади.

Депутатлар томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, касбий таълим тизимини модернизация қилиш, ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, амалиётга йўналтирилган таълимни кучайтириш партиянинг ўз олдига қўйган устувор вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Шунингдек, Нурафшон шаҳридаги “Нуронийлар маскани” биносида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбири ташкил этилди. Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи нуронийлар билан ҳам учрашиб, улар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаси, жамиятдаги ўрни ва ёшлар тарбиясидаги роли алоҳида таъкидланиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Самимий руҳда кечган суҳбатда нуронийлар томонидан илгари сурилган таклиф ва тавсиялар депутат томонидан диққат билан қайд этилди.

Тадбир доирасида шаҳарда истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга зарур кундалик истеъмол маҳсулотларидан топширилди. Бу каби амалий кўмак, аввало, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларга маънавий далда бериш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Айниқса, ушбу хайрия тадбирининг бевосита ташаббускори сифатида депутат Виктор Пакнинг иштироки ва эътибори тадбирга ўзига хос мазмун бахш этди. У тадбир давомида ҳам фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг ижтимоий муаммолари ва таклифларини ўрганди.

– Бугунги кунда давлатимиз сиёсатида инсон қадри, унинг манфаатлари устувор аҳамият касб этмоқда. Биз ҳар бир фуқаронинг ҳолидан хабар олишимиз, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашни ўзимизнинг инсоний бурчимиз деб биламиз. Бу каби хайрия тадбирлари нафақат моддий ёрдам, балки одамлар қалбига меҳр ва ишонч улашишга хизмат қилади, — дейди депутат Виктор Пак.
Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу амаллар, хусусан, нуронийлар билан учрашувлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар жамиятда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, авлодлар ўртасидаги ворисликни таъминлаш ҳамда меҳр-оқибат қадриятларини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
А. Мусаев, ЎзА