Аҳоли билан юзма-юз
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Акрам Шукуров иштирокида аҳоли билан учрашув ва сайёр қабул ўтказилди.
Учрашувда Олий суд раиси ўринбосари давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг мурожаатларини холисона ўрганиш ва уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилганини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, суд органлари раҳбарларининг жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказиши ҳамда мурожаатларни жойида ўрганиб, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиши яхши анъанага айлангани қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти ҳақида тушунча берилди.

Учрашувдан сўнг, Олий суд раисининг ўринбосари Акрам Шукуров томонидан Олий суднинг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлов ҳайъатлари судьялари, шунингдек, Самарқанд вилоят суди раиси Дилшод Ражабов ва вилоят маъмурий суди раиси Нурали Жавлиев иштирокида оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Қабул давомида 99 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, уларни имкон қадар жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Қабул қилинган фуқаролар мурожаатларининг 15 таси жиноят, 76 таси фуқаролик, 1 таси иқтисодий ҳамда 7 таси маъмурий судловга оид мурожаатларни ташкил этди. Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан 1 та иқтисодий иш бўйича тарафлар ўртасида келишув битими тасдиқланди ва иш юритишдан тугатилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири