Аграр соҳада инновация ва ҳамкорлик учун янги имконият
Тошкент давлат аграр университетида “Хитой – Марказий Осиё: қишлоқ хўжалиги фанлари ва технология соҳасида инновация ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” II халқаро конференцияси бошланди.
“Технология билан кучли, яшил қишлоқ хўжалиги учун ҳамжиҳатлик” мавзусидаги мазкур анжуманда ХХР ва минтақамизнинг етакчи университетлари, илмий-тадқиқот институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олим ва мутахассислар иштирок этяпти.
Асосий мақсади аграр соҳада илмий ҳамкорликни кенгайтириш, технология алмашинувини кучайтириш, қўшма тадқиқот жараёнини ривожлантириш ва янги ишланмаларни амалиётга жорий этишдан иборат тадбирнинг очилиш маросимида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ТДАУ ҳамда ХХР қишлоқ хўжалиги фанлари академияси вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида халқаро илмий-техник ҳамкорлик бўйича битимлар имзоланди. Шунингдек, Хитой – Ўзбекистон пахтачилик фан ва технологиялари намойиши базаси ишга туширилди. Пахтачилик соҳасида дунёдаги илк йирик тил модели сифатида тақдим этилган “CottonMind 1.0” ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Ялпи ва шўъба йиғилишлари дастуридан пахтачилик, мева ва полиз экинлари етиштириш, чорвачилик, биология хавфсизлиги, ўсимликларни ҳимоя қилиш, шўрланган ерни бошқариш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгариши ҳамда рақамли ва “ақлли” қишлоқ хўжалиги масалалари ўрин олган.
Дастлаб мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция жалб этиш, тизимни рақамли трансформация қилиш, қурғоқчил ҳудудларда деҳқончиликни ривожлантириш, пахтачиликка замонавий технология қўллаш, чорва касалликларини мониторинг қилиш ва фитосанитар хавфсизликни таъминлаш бўйича илмий ёндашувлар тақдим этилди.
Тадбирда мезбон университет олимлари ўз тадқиқотларини намойиш этмоқда. Профессор Жонибек Худойқулов Ўзбекистонда пахтачиликнинг аҳамияти, тарихи ва бугунги ҳолати, профессор Баҳром Азизов пахта етиштиришда инновацион агротехнология самарадорлиги, профессор Муниса Саидова эса шўрланиш шароитида пахта ҳосили барқарорлигини ошириш бўйича илмий қарашларни илгари сурди.
Бугунги кунда ТДАУ АҚШ, Германия, Хитой, Корея Республикаси, Япония, Венгрия, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг 150 дан зиёд университети, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик қилмоқда. Айни жараёнда қўшма таълим ва илмий дастурлар, академик алмашинув ва халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.
[gallery-31533]
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА