Агар ФИДЕга раҳбар бўлсам...
Самарқандда давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида ФИДЕ Конгресси ўтказилиши ва ташкилотга раҳбар сайланиши кутилмоқда.
Конгресс олдидан ФИДЕ президентлигига номзод Вадим Розенштейн ҳамда ташкилотнинг 7-президенти Кирсан Илюмжинов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вадим Розенштейн номзод сифатида оммавий шахматни ривожлантириш, ФИДЕни ислоҳ қилиш, халқаро мусобақаларни кўпайтириш ҳақида фикрларини билдирди.
[gallery-31603]
– Асосий устувор вазифамиз – оммавий шахматни ривожлантириш. Шахматни миллионлаб ёшлар ва мактаб ўқувчилари ҳаётига кенгроқ интеграция қилиш, мактаблардаги шахмат таълими ҳамда ҳудудий федерацияларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз, – деди Вадим Розенштейн. – Шунингдек, ФИДЕ фаолиятида шаффофликни таъминлаш, молиявий тузилмани оптимизация қилиш ва йирик халқаро ҳомийларни жалб этиш орқали ташкилотни ислоҳ қиламиз. Бундан ташқари, турнирлар географиясини кенгайтириш, юқори даражадаги мусобақалар сонини ошириш ва янги жозибадор форматларни жорий этиш орқали шахматнинг дунё бўйлаб оммавийлигини янада оширишни режалаштиряпмиз.
Тадбирда Кирсан Илюмжинов Самарқанддаги шахмат олимпиадаси юқори савияда ташкил этилгани ва тарихдаги энг яхшиларидан бири бўлгани, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва шахмат федерацияси улкан ишларни амалга оширганини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари