Афғонистон тадбиркорлари Фарғонада (+видео)
Сиёсий меъёрлари тамомила бошқача бўлган Ўзбекистон сўнгги йилларда Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Шу ойда Наманган вилоят ҳокими бошчилигидаги тадбиркорлар делегацияси Афғонистонда бўлди. Тошкентда “Афғонистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Мана бугун эса Фарғонада Ўзбекистон – Афғонистон савдо ва инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда.
Ҳа энди, Афғонистон қўшни давлатда, қўни-қўшни билан эса шундай алоқалар ўрнатилади-да, дерсиз. Йўқ. Гап фақат жуғрофик жойлашишда эмас. Мамлаккат очиқ ташқи сиёсат, очиқ иқтисодий сиёсат тамойилини танлади. Энди Ўзбекистон АҚШ, Япония, Австралия, Хитой, Россия каби давлатлар билан қандай шартларда савдо- сотиқ олиб борса, шу қоидалар Афғонистонга ҳам таалуқли. Яъни ҳар бир шартномада ўзаро тенглик ва манфаат.

Фарғона форумига Афғонистондан 40 нафар тадбиркор ташриф буюрди. Улар дастлаб “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишдилар.
Ҳудудда жами 156 та истиқболли лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, бугунги кунда 120 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

2025 йил якунларига кўра, мазкур корхоналар томонидан 10 дан ортиқ давлатларга 138 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.
Шунингдек, Термиз шаҳрида ташкил этилган "Афғонистон–Ўзбекистон савдо уйи" да ҳозирги кунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги 20 дан ортиқ тадбиркор ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Айни пайтда ҳудудда 11 минг 700 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилган.
Дастлаб меҳмонларга “BNBM Building Materials Central Asia” корхонасида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнлари кўрсатиб ўтилди.

Шундан сўнг делегация “Ёнг Хин” МЧЖ да амалга оширилган йирик лойиҳа билан танишди. Хитойлик ҳамкор томонидан киритилган 90 миллион долларлик инвестиция ҳисобига кафел маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, меҳмонларга корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Учкўприк туманидаги “Бобошбек” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам афғонистонлик тадбиркорларда катта таассурот қолдирди. Шу ерда ўнга яқин ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Фарғона форумида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов асл мақсадни айтди:
– Биз Афғонистонга қўшни деб эмас, аввало. ҳамкор деб ёндашамиз. Масалан, унинг хомашёсини Фарғонада қайта ишлаб учинчи давлат бозорига олиб кирамиз.

Аслида ҳам шундай. Фарғона вилоятида бугун 40 дан зиёд афғон тадбиркорлари ўз бизнесини очган. Улар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қурилиш соҳаларида фаолият кўрсатмоқда. Савдо ва инвестицион форумда икки давлат тадбиркорлари музокаралар олиб боришди ва шартномалар имзоладилар.
– Мақсад Фарғона вилояти ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини ошириш, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Юлдошев. – Ўтган йили у 70 миллион долларга тенг эди. Бугун терини қайта ишлаш, электротехника, мебелсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар бўйича ўнлаб келишувларга эришилди. Кечанинг ўзида “Бобошбек” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда “Қўқон эркин иқтисодий зонаси”да 70 миллион долларлик шартнома тузилган эди. Бугунги юзма-юз мулоқотлар чоғи натижа унга нисбатан бир неча баробар кўпроқ бўлишини кутяпмиз. Умуман олганда Фарғона вилояти ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмасини бу йил 600 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Афғонистон билан савдо алоқаларида хавотирлик борлигини фарғоналик ишлаб чиқарувчилар яширмадилар. Лекин Афғонистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Ариён Азимий ҳеч қандай шубҳа қолдирмади.

– Бугунги Афғонистонда кечаги сиёсий беқарорликка чек қўйилган. Биз дунё ҳамжамияти билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар истаймиз, – деди у ЎзАга берган интервьюсида. – Фарғона вилояти билан танишдик, ҳамкорлик шартномаларини имзоладик, энди биз бу дўстлик, ишонч кўпригини садоқат билан мустаҳкамлаймиз. Илгари биз зарур маҳсулотларни узоқ ўлкалардан сотиб олар эдик. Президент Шавкат Мирзиёев бизга эшикларни очди. Энди эҳтиёжимиздаги маҳсулотни биргаликда ишлаб чиқарамиз.
Афғонистонлик тадбиркорлар Фарғона вилоятидаги юздан зиёд ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини тузмоқдалар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xA_WMLvuUKA" title="Afg‘oniston tadbirkorlari Farg‘onada" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА