Адибнинг янги асарлари тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоир, таниқли адиб ҳамда моҳир таржимон, қирққа яқин китоблар муаллифи Абдунаби Ҳамроевнинг “Фаришта қўли билан”, “Чорраҳадаги одамлар”, “Нурали Қобул дунёси” ва ”Ўзбеклар” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида Абдунаби Ҳамроев ижоди, унинг асарлари хусусида, батафсил сўз юритилди.
Абдунаби Ҳамроев наср ва назмда бирдек самарали ижод қилаётган қаламкашлардан саналади. Ижодкор турли йилларда «Бухоро» нашриётида «Хиёнат», «Оқ алвасти», «Отам айтган қўшиқлар», «Йиртқич», «Болаликка саёҳат», «Олис манзиллар сари», «Унутилган қўшиқ», «Қишда очилган гул», «Курашиб яшайман», «Дарёни етаклаган ўғлон», «Оби ҳаёт йўли», «Хазинатопарлар», «Отадан қолган ёдгорлик», «Йиллар ва тақдирлар», «Сеҳрли сўз», «Руҳият ранглари», «Марҳумликка номзодлар», «Фикр чақмоғи», «Эзгулик мулкининг харитаси» сингари шеърий, насрий ва ҳужжатли асарлари, «Ўзбекистон» нашриётида «Вақт дарёси» ва «Олтин дарвозали юрт», «Ойдин» нашриётида «Бекатдаги ўйлар», «Ижод-пресс» нашриётида «Ўтмаган кунлар», «Инфо капитал боокс» нашриётида «Фаришта қўли билан», «Дўзахдан чиққан мушук» (рус тилидан таржима), «1945, вайроналар» (рус тилидан таржима, «Bookmany print” нашриётида “Нурали Қобул дунёси” (Шу пайтга қадар жами 35 та) китоблари чоп этилган. Шунингдек, адибнинг шеър ва ҳикоялари тожик, турк, қозоқ, туркман тилларига таржима қилиниб, хориж газета ва журналларида эълон қилинган.
ХХ асрнинг 80-йиллар ўрталарида адабиёт майдонига кириб келган адиб ўзининг дастлабки шеър ва ҳикоялари билан мухлислар эътибори ва устозлар назарига тушди. Айниқса, 1987 йилда «Ёшлик» журналининг 7-сонида чоп этилган «Кўнгли бўш одам» ва «Сўнгги босмачи» ҳикоялари адабиётшунос ва ёзувчилар Хуршид Дўстмуҳаммад, Раҳимжон Отаев ва Шаҳодат Исахонова томонидан эътироф этилди. 2003 йилда таниқли ўзбек ёзувчиси Шукур Холмирзаев ёш қаламкашнинг насрий асарларини юқори баҳолаб, унга оқ йўл тилади.
Абдунаби Ҳамро – 1995 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 2022 йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. «Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги» ва «Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Республика миқёсида ўтган бир нечта кўрик-танловлар ғолиби. Садриддин Айний номли Бухоро вилоят театрида «Оқ ажал чангалида» ва «Тўғон» драмалари Ўзбекистон халқ артисти Убайдулло Омон томонидан саҳналаштирилган. «Тўғон» драмаси 2011 йилда республика театр фестивалида «Ватан ҳимоячилари тўғрисидаги энг яхши спектакл» номинацияси бўйича биринчи ўринни олган.
2023 йилда Халқаро Амир Темур жамғармаси томондан ўтказилган «Соҳибқиронга эҳтиром» танловида адибнинг асарлари шеърият йўналиши бўйича биринчи ўринга муносиб кўрилди.
Адиб ҳозир ҳам фаол ижод қилмоқда. У бадиий таржима билан ҳам фаол шуғулланиб, туркман шоирлари Махтумқули ва Қурбондурди Залилий шеърларини туркман тилидан, Фёдор Достоевскийнинг «Ўлик уйдан мактублар» романининг 2-қисмини, Америка ёзувчилари Амброз Бирс, Стивен Кинг, Сидни Шелдон, инглиз ёзувчилари Редьярд Киплинг ва Жорж Оруэллнинг бир нечта асарларини рус тилидан таржима қилган. Ижтимоий тармоқлардаги ўз телеграм каналида ва фейсбукда мунтазам янги асарлари билан иштирок этиб келяпти.
Н.Усмонова, ЎзА