Адабиёт бўйича Нобель мукофоти канадалик адиба Энн Карсонга берилди
Канадалик шоира ва ёзувчи Энн Карсон адабиёт бўйича 2026 йилги Нобель мукофоти совриндори деб эълон қилинди. Бу ҳақда Швеция Фанлар академияси маълум қилди.
Академия қарорига кўра, адиба ушбу нуфузли мукофотга мумтоз адабиёт анъаналари билан ўзига хос ижодий мулоқот орқали замонавий адабиётда янги шакллар яратган жасоратли ва новаторлик руҳидаги асарлари учун муносиб кўрилган.
Мукофот миқдори 12 миллион швед кронаси, тахминан 1,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Швеция Фанлар академияси доимий котиби Ингрид Карлбергнинг маълум қилишича, Энн Карсон мукофотга сазовор бўлгани ҳақидаги хабарни ҳайрат билан қабул қилган. Суҳбат қисқа давом этган ва ёзувчи айни пайтда Исландияда бўлиб, табиат қўйнида вақт ўтказаётганини билдирган.
Торонтода туғилган 76 ёшли Энн Карсон 2022 йилдан буён Исландия фуқаролигига ҳам эга. Унинг ижоди шеърият, наср, драматик диалог ва таржимани ўзаро уйғунлаштириши билан ажралиб туради. Адиба анъанавий адабий жанрлар чегарасидан чиқиб, ўзига хос бадиий ифода усулларини яратган ижодкор сифатида танилган.
Карсон айниқса, қадимги юнон адабиёти намуналарини таржима қилгани билан машҳур. Антик давр адабий мероси унинг ижодига кучли таъсир кўрсатган. Ёзувчининг асарлари опера либреттолари, адабий танқид, шеърий романлар ва бошқа жанрларни қамраб олади. Унинг 1998 йилда нашр этилган “Қизил ранг автобиографияси” (Autobiography of Red) асари ана шундай ижодий изланишларнинг ёрқин намуналаридан бири.
Академия маълум қилишича, Карсон ижодининг асосий хусусияти филологнинг сўзларга бўлган чуқур қизиқиши билан шоирнинг янги маънолар яратишга интилиши ўртасидаги уйғунликда намоён бўлади. Адиба сўзларнинг келиб чиқиши ва тарихий маъносини ўрганишни ўз ижодининг муҳим манбаи деб билади. Унинг қадимги юнон тилидан қилган таржималари ҳам мустақил адабий асар сифатида баҳоланади.
Ёзувчининг 2019 йилда яратилган “Троялик Норма Жин Бейкер” (Norma Jeane Baker of Troy) саҳна асари ҳам унинг ноодатий ижодий услубини намоён этади. Унда қадимги юнон драматурги Еврипиднинг “Елена” асаридаги Троялик Елена тарихи Голливуд юлдузи Мэрилин Монро образи билан уйғунлаштирилган.
Маълумот учун, Нобель мукофоти швециялик ихтирочи ва тадбиркор Альфред Нобель васияти асосида таъсис этилган бўлиб, 1901 йилдан буён адабиёт, илм-фан ва тинчлик соҳаларидаги ютуқлар учун топшириб келинмоқда. 2025 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига берилган эди.
Ўткир Алимов,
ЎзА