Абдусалом Хатамов: Олий даражадаги тарихий ташриф Ўзбекистон ва Ўмон алоқаларида янги истиқболларни очади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг таклифига биноан жорий йилнинг 16–17 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Масқат шаҳрида ўтказиладиган олий даражадаги музокаралар икки томонлама стратегик мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан алоҳида сиёсий аҳамият касб этади. Саммит якунлари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Ушбу тарихий ташриф арафасида Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов ЎзА мухбирининг саволларига эксклюзив суҳбат шаклида жавоб бериб, икки давлат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ҳурматли элчи, суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг бугунги ҳолатига тўхталсангиз. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот қандай ривожланмоқда ва ҳамкорликнинг қайси йўналишларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда?
– Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ҳамда муштарак манфаатлар асосида изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатларимиз ўртасида қарор топган дўстона алоқалар ва конструктив сиёсий мулоқот икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги сиёсий мулоқот мутлақо янги суръат касб этди. Хусусан, юқори даражадаги ташрифлар ва мунтазам учрашувлар икки томонлама муносабатлар кун тартибини мазмунан бойитиб, шерикликнинг янги уфқларини белгилашга хизмат қилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2024 йилда Масқатга ҳамда Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазирининг 2025 йилда Тошкентга амалга оширган ташрифлари алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам мулоқотни таъминлашнинг самарали механизмига айланди. Ушбу маслаҳатлашувларнинг тўққизинчи раунди жорий йил 30 июнь куни Масқат шаҳрида бўлиб ўтди. Аввалги, саккизинчи раунд эса 2025 йил сентябрь ойида Тошкентда ўтказилган эди. Бундай мулоқотлар давомида томонлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилиб келмоқда.
Иқтисодий ҳамкорликка келсак, айни пайтда мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш ва амалий натижаларни кўпайтиришга устувор эътибор қаратилмоқда. Жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика, инфратузилма, энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар ришталарни мустаҳкамлаш, таълим ва туризм йўналишларидаги алмашинувларни фаоллаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, халқларимиз ўртасидаги яқинлик давлатлараро муносабатларнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади. Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги алоқалар бугун анъанавий сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмай, иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларни қамраб олган кўп қиррали шериклик сифатида бойиб бормоқда.
– Ўмон ташқи сиёсатида мувозанатли дипломатия, мулоқот ва тинч йўл билан келишувга эришиш тамойиллари устувор ўрин тутади. Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати билан ушбу ёндашувлар ўртасида қандай умумий жиҳатларни кўрасиз?
– Фикримча, Ўзбекистон ва Ўмоннинг ташқи сиёсий концепцияларини яқинлаштирувчи энг муҳим омиллар — давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан бартараф этиш ҳамда халқаро муносабатларда конструктив мулоқот ва ўзаро англашувга таянишдир.
Ўмон Султонлиги ўзининг вазмин ва прагматик дипломатияси, мураккаб минтақавий ҳамда халқаро вазиятларда турли томонларни музокаралар столи атрофида бирлаштиришга қаратилган воситачилик саъй-ҳаракатлари билан жаҳон ҳамжамиятида алоҳида нуфузга эга. Айниқса, минтақавий зиддиятларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш, ўзаро ишонч муҳитини шакллантириш ва муросали ечимлар топиш борасидаги Ўмон тажрибасини юксак қадрлаймиз.
Ўзбекистон ҳам ўз ташқи сиёсатида очиқлик, прагматизм ва конструктив ҳамкорлик тамойилларига содиқдир. Мамлакатимиз минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш, мавжуд масалаларни ўзаро ҳурмат ва манфаатлар мувозанати асосида ҳал этиш тарафдори. Биз халқаро майдонда қарама-қаршиликни кучайтириш эмас, балки тинчликпарвар ташаббусларни илгари суриш ва шериклик учун янги имкониятлар очиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Ўмоннинг ташқи сиёсий қарашларида чуқур муштараклик мавжуд. Ҳар икки давлат дипломатияни нафақат икки томонлама алоқаларни кенгайтириш, балки кескинликни юмшатиш, можароларнинг олдини олиш ва барқарор тараққиётга эришишнинг асосий воситаси сифатида кўради.
– Ўзбекистон Марказий Осиёда, Ўмон эса Арабистон яриморолида муҳим геостратегик мавқега эга. Бугунги мураккаб халқаро шароитда мамлакатларимизнинг БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун қандай истиқболлар мавжуд?
– Ҳар икки давлатнинг географик жойлашуви, минтақавий жараёнлардаги ўрни ва ташқи сиёсатдаги конструктив ёндашувлари кўп томонлама шерикликни чуқурлаштириш учун кенг имкониятлар очиб беради. Ўзбекистон Марказий Осиёда, Ўмон эса Арабистон яримороли ва Ҳинд океани ҳавзасида стратегик нуқтада жойлашгани нафақат икки томонлама, балки минтақалараро муносабатларни фаоллаштиришда муҳим пойдевор ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатларимиз БМТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса, халқаро тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, можароларни дипломатик воситалар билан ҳал этиш, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя этиш масалаларида ёндашувларимиз уйғунлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам мулоқотни янада фаоллаштириш катта салоҳиятга эга. Бу орқали томонлар глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан позицияларини мувофиқлаштириши, халқаро майдонда бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаши мумкин.
Истиқболли йўналишлардан яна бири — Марказий Осиё давлатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши форматидаги мулоқотни янада кенгайтиришдир. Ушбу стратегик платформа минтақаларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Ўмоннинг мазкур жараёнлардаги фаол иштироки минтақалараро ҳамкорликни янада мазмунли бойитади.
Бундан ташқари, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, барқарор тараққиёт, энергетика ҳамда транспорт-логистика соҳаларида ҳам халқаро тузилмалар доирасида амалий шерикликни кенгайтириш учун барча имкониятлар мавжуд.
– Ўмон сармоясини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этишда қайси тармоқлар юқори салоҳиятга эга? Хусусан, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва туризм йўналишларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида тўхталсангиз.
– Ўзбекистон Ўмон Султонлиги билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар ва ўзаро манфаатдорлик ўмонлик инвесторлар учун юртимизда кенг имкониятлар очмоқда. Хусусан, энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт-логистика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва туризм энг истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.
Бугунги кунга қадар инвестициявий ҳамкорлик доирасида муайян амалий натижаларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон–Ўмон қўшма инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика марказларини модернизация қилиш ва Тошкент шаҳрида замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу ўмонлик сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган юксак ишончини яққол намоён этади.
Ҳамкорлигимизнинг яна бир ёрқин мисоли сифатида Ўмоннинг «Atyab International Services» компанияси фаолиятини кўрсатиш мумкин. Ушбу компания томонидан Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш, инспекция қилиш ва сертификатлаш марказининг ташкил этилгани маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Эътиборли жиҳати, мазкур лаборатория Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Транспорт-логистика соҳасида ҳам Ўмоннинг «Asyad» гуруҳи билан шериклик янги босқичга кўтарилди. Хусусан, компания томонидан Ўзбекистондаги иккита йирик логистика платформасининг назорат пакетини сотиб олиш бўйича битимнинг якунлангани минтақамизнинг транспорт имкониятларини Ўмоннинг порт ва логистика инфратузилмаси билан узвий боғлаш, мультимодал ташувларни ривожлантириш ҳамда глобал бозорларга чиқиш имкониятларини кескин кенгайтирди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш, энергетика ва саноат тармоқларида инвестиция ресурсларини бирлаштириш бўйича ҳам салмоқли режалар бор. Туризм йўналишида эса меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш ва туристик хизматларни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.
Биз инвестициявий ҳамкорликка фақат молиявий маблағ жалб этиш воситаси сифатида қарамаймиз. Бу, энг аввало, илғор технологияларни олиб кириш, янги иш ўринларини яратиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва маҳсулотларимизнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш имкониятидир.
– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг Ўмон бозорига кириб бориш имкониятлари қандай? Маҳаллий бозор талаблари ва рақобат муҳитидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик экспортчиларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
– Ўмон бозори қулай географик жойлашуви, ривожланган порт ва савдо инфратузилмаси, қолаверса, Форс кўрфази минтақаси ҳамда бошқа халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун катта қизиқиш уйғотади. Шу боис, Ўмонни нафақат маҳсулотларимизни сотиш учун истиқболли бозор, балки минтақавий савдо алоқаларини кенгайтиришдаги муҳим таянч нуқтаси сифатида ҳам кўриш мумкин.
Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг Ўмон бозоридан муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, сифатли тайёр тўқимачилик буюмлари, ҳўл ва қуритилган мева-сабзавотлар, дуккакли экинлар, қайта ишланган озиқ-овқат ҳамда айрим турдаги саноат товарлари истиқболли экспорт йўналишлари саналади. Мамлакатимизнинг аграр ва қайта ишлаш салоҳияти, маҳсулотлар ассортиментининг кенглиги бу борада жиддий устунлик беради.
Шу билан бирга, ушбу бозорга муваффақиятли кириб бориш учун маҳаллий истеъмолчилар диди, рақобат шароитлари ва импортга қўйиладиган меъёрларни пухта ўрганиш зарур. Бу ерда маҳсулот сифати билан бир қаторда унинг нархи, замонавий қадоқланиши, етказиб бериш муддатлари ва таъминот барқарорлиги ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу муносабат билан, ўзбекистонлик экспортчиларга қуйидаги амалий тавсияларни берган бўлардим.
Биринчидан, бозор конъюнктурасини чуқур таҳлил қилган ҳолда аниқ маҳсулот сегментларига йўналтирилган экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш лозим. Ҳар бир товар бўйича маҳаллий талаб, рақобатчилар нарх сиёсати ва савдо каналларини ўрганиш экспорт самарадорлигини оширади.
Иккинчидан, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини халқаро ҳамда Ўмонда амал қиладиган стандартларга тўлиқ мослаштириш шарт. Айниқса, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда санитария-фитосанитария ҳамда «Ҳалол» сертификатлаш талабларига қатъий риоя этиш зарур. Қадоқлаш, маркировка ва маҳсулот ёрлиқларини маҳаллий бозор андозаларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Учинчидан, Ўмоннинг маҳаллий импортчилари, дистрибьюторлари, улгуржи компаниялари ва чакана савдо тармоқлари билан бевосита ҳамда узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш лозим. Халқаро ва минтақавий кўргазмалар, бизнес-форумлардаги фаол иштирок миллий маҳсулотларимизнинг танилишига кенг йўл очади.
Тўртинчидан, логистика масалаларига жиддий ёндашиш талаб этилади. Айниқса, тез бузиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун узлуксиз совуқ занжирни йўлга қўйиш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва барқарор транспорт йўналишларини шакллантириш рақобатбардошликнинг асосий омилларидир.
Элчихона ўз навбатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, маҳаллий дистрибьюторлар билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда ўзбек маҳсулотларининг Ўмон бозорида кенг тарғиб қилинишига кўмаклашишга доим тайёр.
– Ўмоннинг денгиз портлари ва халқаро транспорт йўналишларидаги салоҳияти Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Мамлакатимизнинг жаҳон океанига чиқиш йўлларини диверсификация қилишда Ўмоннинг логистика инфратузилмасидан фойдаланиш истиқболларини қандай баҳолайсиз?
– Бевосита денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун халқаро транспорт коридорларини диверсификация қилиш ташқи савдо географиясини кенгайтириш, экспорт-импорт операциялари барқарорлигини таъминлаш ва логистика харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, Ўмон Султонлигининг қулай геостратегик мавқеи, замонавий денгиз портлари ва ривожланган транспорт-логистика тизими юртимиз учун катта қизиқиш уйғотади. Хусусан, Соҳар, Салала ва Дуқм портлари ўзининг ихтисослашган инфратузилмаси билан Ўзбекистон юкларини глобал бозорларга етказишда самарали муқобил йўналишларни таклиф эта олади.
Анъанавий равишда Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ бозорларига чиқишида Туркманистон ва Эрон ҳудудлари орқали ўтувчи йўлаклар, жумладан, Бандар-Аббос порти муҳим ўрин тутиб келган. Бироқ сўнгги йиллардаги минтақавий ва халқаро вазият ташқи савдо логистикасининг барқарорлигини ошириш ҳамда янги муқобил йўналишларни ишга солиш заруратини янада яққол намоён этмоқда.
Ўмоннинг асосий устунлиги шундаки, унинг порт инфратузилмаси, эркин иқтисодий зоналари ва халқаро логистика марказлари нафақат юкларни қабул қилиш ва жўнатиш, балки уларни сақлаш, қайта тақсимлаш ҳамда учинчи мамлакатлар бозорларига йўналтириш имконини ҳам беради. Айниқса, Султонликнинг Араб денгизи ва Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятлари мамлакатимизнинг Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка минтақалари билан савдо алоқаларини кенгайтиришда беқиёс ўрин тутади.
Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида Ўмоннинг «Asyad» гуруҳи томонидан 2026 йил июнь ойида республикамизнинг «Universal Logistics Services» ва «Highway Logistics Center» логистика платформаларида назорат пакетини қўлга киритиш бўйича битим якунланганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ушбу келишув Ўмон денгиз портларини Ўзбекистоннинг ички транспорт тармоғи билан узвий боғлаш, темир йўл ва автомобиль ташувларини денгиз логистикаси билан интеграция қилиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Биз ушбу шерикликни нафақат икки давлат ўртасидаги юк айланмасини ошириш, балки бутун Марказий Осиёни Форс кўрфази ва Ҳинд океани ҳавзаси билан туташтирувчи йирик минтақавий транспорт-логистика занжирини шакллантириш омили сифатида кўрамиз.
Ишончим комилки, Ўмоннинг денгиз портлари ва халқаро логистика тармоқларини Ўзбекистоннинг транспорт-транзит салоҳияти билан уйғунлаштириш орқали мамлакатимиз ташқи савдо йўлларини кенгайтириш, экспортчиларимиз учун янги бозорларга чиқиш имкониятларини ошириш ва икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиш мумкин.
– Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлари араб дунёси сайёҳларида доимо юқори қизиқиш уйғотиб келган. Ўмон фуқаролари орасида юртимизга сайёҳлик оқимини кўпайтириш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш борасида қандай амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда?
– Бой тарихий, маданий ва маънавий меросга эга диёримиз Ўмон ва умуман, араб дунёси сайёҳлари учун ҳамиша жозибадор йўналиш бўлиб келган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларимиз нафақат ноёб меъморий обидалари, балки ислом цивилизацияси, илм-фан ва маърифат ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар мероси билан ҳам алоҳида қадрланади. Шу боис, биз Ўмон фуқаролари орасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб қилиш, айниқса, маданий-маърифий, тарихий ва зиёрат туризмини ривожлантиришни гуманитар ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрамиз. Юртимизнинг бебаҳо исломий мероси, муқаддас қадамжолари, миллий қадриятлари ва шарқона меҳмондўстлиги ўмонлик меҳмонларда унутилмас таассурот қолдириши шубҳасиз.
Бу борада транспорт-логистика қулайликларининг яратилаётгани ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. Хусусан, жорий йил 3 июль куни «Oman Air» авиакомпанияси томонидан Масқат ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги туристик ва ишбилармонлик алмашинувларини жадаллаштириш йўлида муҳим амалий қадам бўлди. Бундан ташқари, фуқароларимиз учун ўзаро визасиз режимнинг амал қилиши сафарларни ташкил этишни сезиларли даражада енгиллаштириб, сайёҳлар оқимини рағбатлантирмоқда.
Албатта, мавжуд шароитлардан тўлақонли фойдаланиш учун соҳавий ҳамкорликни янада кучайтириш зарур. Жумладан, икки мамлакат туроператорлари ва сайёҳлик компаниялари ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, қўшма тақдимотлар ҳамда халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, ўмонлик сайёҳларнинг эҳтиёж ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларини қамраб олган махсус туристик дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Уларда тарихий ва диний қадамжолар зиёрати билан бир қаторда, миллий таомлар, анъаналар ва ҳунармандчилик намуналари билан яқиндан танишиш имкониятлари ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирда элчихонамиз томонидан Ўзбекистон Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини Ўмон жамоатчилигига кенг танитишга қаратилган қатор тадбирлар — «Ўзбекистонга саёҳат қил» роуд-шоулари, Ўмоннинг етакчи блогерлари ва туркомпаниялари вакиллари учун юртимизга инфотурлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу орқали нафақат сайёҳликка бўлган қизиқишни ошириш, балки халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз.
– Ўзбекистон ва Ўмон халқларини тарихий, маънавий ва маданий муштараклик ришталари боғлаб туради. Умумий қадриятларимизга таянган ҳолда маданий дипломатияни янада фаоллаштириш, санъат, адабиёт ва илмий мерос соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қандай имкониятлар мавжуд?
– Икки ўлка халқлари ўртасидаги алоқалар асрлар мобайнида савдо-сотиқ, илм-фан ва маърифат алмашинуви орқали шаклланган бўлиб, бугунги шериклигимиз учун мустаҳкам тарихий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундай яқинликни намоён этувчи яққол мисоллардан бири — XV асрда яшаб ижод қилган буюк тарихчи, дипломат ва олим Абдураззоқ Самарқандийнинг илмий меросидир. Унинг Ҳиндистонга сафари давомида Ўмонга оид кузатувлари ўрин олган «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асари Марказий Осиё ва Ҳинд океани ҳавзаси ўртасидаги алоқаларни ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Умуман олганда, алломаларимиз мероси халқларимизнинг муштарак цивилизациявий қадриятларини англашда муҳим ўрин тутади.
Шериклигимизнинг яна бир ёрқин рамзи сифатида Ўмон Султонлиги кўмагида пойтахтимиздаги Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузурида замонавий кутубхона ташкил этилганини кўрсатиш мумкин. Бу маънавий меросни асраб-авайлаш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган муштарак интилишларнинг амалий ифодасидир.
Бугунги вазифамиз — ана шу бой тарихий меросни замонавий мазмун билан бойитиш ва уни ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат. Бу борада университетлар, илмий-тадқиқот марказлари, музейлар ва кутубхоналар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий анжуманлар, тарихий кўргазмалар, адабий учрашувлар ҳамда маданий фестивалларни ташкил этиш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон маданияти кунларини Ўмонда ўтказиш, миллий санъатимиз, мусиқамиз ва ҳунармандчилигимизни кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга мисол тариқасида Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан ҳамкорликда жорий йилнинг 4 ноябрь куни Масқат шаҳрида ушбу марказнинг тақдимоти, 12-13 ноябрь кунлари Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон маданияти кунлари ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасини келтириш мумкин. Бундай тадбирлар ўмонлик дўстларимизга юртимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини беради.
Шунингдек, ёшлар ва таълим соҳаси вакиллари ўртасидаги мулоқотларни ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Жумладан, 2025 йил апрель ойида Тошкент ва Масқат шаҳарлари мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган алмашинув дастури ёшларга бир-бирининг маданияти ва қадриятларини бевосита ўрганиш учун мустаҳкам замин яратди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик араб тили ўқитувчиларининг Ўмондаги Султон Қобус номидаги институтда касбий малака ошириш дастурларида иштирок этаётгани ўзаро илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Рақамли технологиялар воситасида тарихий қўлёзмаларни рақамлаштириш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳам истиқболли йўналишлардан биридир.
– Дипломатик фаолиятингиз давомида Миср, Саудия Арабистони ва Россия Федерациясидаги ваколатхоналарда хизмат қилгансиз. Бошқа минтақалар тажрибасидан келиб чиқиб айтсангиз, Ўмон дипломатиясининг ўзига хос «юмшоқ куч» (soft power) услубидан нималарни ўрганиш мумкин?
– Кўп йиллик дипломатик фаолиятим турли мамлакатлар ташқи сиёсатининг ўзига хос хусусиятларини чуқур англаш ва қиёсий таҳлил қилиш имконини берди. Шу маънода, Ўмон дипломатияси ўзининг босиқлиги, мувозанатлилиги, изчиллиги ва конструктив мулоқотга таяниши билан ажралиб туради. Султонлик халқаро майдонда турли давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни сақлаш, қарама-қарши кучлар ўртасида кўприк вазифасини бажариш ҳамда ҳар қандай низони тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш тамойилига содиқ қолмоқда. Бу эса мамлакатнинг ишончли ва масъулиятли ҳамкор сифатидаги обрўсини мустаҳкамлаб келяпти.
Ўмон дипломатиясининг бош хусусияти — миллий манфаатлар ва суверенитетга қатъий риоя этган ҳолда, очиқлик, вазминлик ва ўзаро ҳурматни устувор қўйишдир. Ҳар бир томоннинг позициясини тинглай билиш, унинг манфаатларини ҳисобга олиш ва муросали ечимлар излаш узоқ муддатли ишончни шакллантиришнинг энг самарали йўли ҳисобланади.
Шу билан бирга, Ўмоннинг «юмшоқ куч» салоҳияти фақат сиёсий воситалар билан чекланиб қолмайди. Бой тарихий мерос, миллий анъаналар, бағрикенглик муҳити, таълим ва гуманитар ҳамкорликка берилаётган юксак эътибор ҳам давлатнинг жаҳон аренасидаги нуфузини оширмоқда.
Ўйлайманки, бу бой тажриба Ўзбекистон учун ҳам катта амалий аҳамиятга эга. Юртимиз ҳам улкан тарихий, маданий ва интеллектуал салоҳиятга эга. Миллий қадриятларимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш, илм-фан, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни янада кучайтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш мумкин. Ўмон тажрибаси дипломатияда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, узоқ муддатли стратегик мақсадларни кўзлаш ва ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам мулоқот каналини сақлаб қолиш қанчалик муҳимлигини яққол кўрсатади.
– Хориждаги ватандошларимиз билан тизимли мулоқотни таъминлаш дипломатик ваколатхоналарнинг устувор вазифаларидан саналади. Айни пайтда Ўмонда истиқомат қилаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Элчихонамиз ватандошларимиз билан доимий алоқани ўрнатиш, уларнинг мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш ва малакали консуллик кўмагини кўрсатишга доимо устувор эътибор қаратади. Фуқароларимиз билан ишлаш жараёнида, биринчи навбатда, уларнинг аризаларини белгиланган муддатларда кўриб чиқиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда юзага келган масалаларни ваколат доирасида ҳал этишга кўмаклашиш асосий ўрин тутади. Бунда Ўзбекистон ва Ўмон қонунчилиги, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига қатъий амал қилинади.
Айниқса, ватандошларимизни Ўмонда бўлиш ҳамда меҳнат қилиш қоидалари, маҳаллий қонунчилик талаблари, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш тартибларидан хабардор қилишга жиддий ёндашамиз. Зеро, қабул қилувчи мамлакат ҳуқуқий асосларини яхши билиш ва ўз мажбуриятларини англаш юртдошларимизнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг гаровидир.
Шу билан бирга, фуқароларимизнинг ҳуқуқларига дахлдор масалаларни ҳал этишда Ўмоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Зарурат туғилганда, элчихона белгиланган тартиб-таомиллар доирасида юртдошларимизга амалий ёрдам кўрсатади ва маҳаллий ташкилотлар билан мулоқот олиб боради.
Ватандошларимизни консуллик янгиликларидан мунтазам хабардор қилиб бориш, улар билан очиқ ва яқин мулоқотни сақлаб қолиш фаолиятимизнинг ажралмас қисмидир. Асосий мақсадимиз — юртдошларимиз хорижда юрганда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур ҳис этишлари, муҳтож пайтда ўз давлатининг амалий кўмаги ва ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб туришларини таъминлашдир. Бинобарин, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш дипломатик хизматнинг энг олий ва масъулиятли бурчидир.
– Суҳбатимиз якунида келгуси режаларга тўхталсак. Яқин йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қандай муҳим ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни кутиш мумкин?
– Яқин йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва барча устувор йўналишларда амалий шерикликни кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида қарор топган ўзаро ишонч бундай ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Энг аввало, олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувларни янада фаоллаштириш ҳамда эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.
Иқтисодий дипломатия ва инвестициявий ҳамкорлик фаолиятимизнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, бизнес-форумлар, миссиялар ва B2B учрашувларни мунтазам ташкил этиш, шунингдек, энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт-логистика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишни режалаштирганмиз.
Айниқса, транспорт ва логистика соҳасидаги шерикликни янги поғонага кўтариш учун улкан салоҳият мавжуд. Ўмоннинг «Asyad» гуруҳи билан йўлга қўйилган алоқалар бу борада мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, Соҳар эркин иқтисодий зонасида Ўзбекистон ва Ўмон иштирокида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ташаббуси истиқболли лойиҳалардан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Мазкур ташаббуснинг рўёбга чиқарилиши ўзбек тадбиркорларининг Форс кўрфази ҳамда минтақавий ва халқаро савдо бозорларига чиқиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Туризм, маданий-гуманитар, таълим ва илм-фан соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш ҳам келгуси режаларимизда алоҳида ўрин тутади. Жумладан, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар ва ёшлар алмашинуви дастурларини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратамиз.
Асосий мақсадимиз — асрлар давомида шаклланган дўстлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарини замонавий ҳамкорликнинг аниқ натижалари билан бойитиш, бундан ҳар икки мамлакат халқлари фаровонлиги ва келгуси авлодлар манфаати йўлида самарали фойдаланишдир.
Ишончим комилки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи кўп қиррали шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда тарихий воқеа бўлади. Энг муҳими, ушбу олий даражадаги ташриф Ўзбекистон ва Ўмон халқларини боғлаб турган азалий дўстлик ришталарини янада жипслаштириб, икки давлат муносабатларида ўзаро ишонч, амалий ҳамкорлик ва янги имкониятларга асосланган истиқболли даврни бошлаб беради.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА