Абдумалик Халаков Осиё ўйинларидаги юришини муваффақиятли бошлади
Осиё ўйинларининг бокс баҳслари қизғин паллага кирди. Ўзбек чарм қўлқоп усталарининг илк жанглардаги муваффақияти эса мухлисларга хуш кайфият бағишламоқда.
Бугунги баҳсларда икки нафар вакилимиз рингга кўтарилиб, дастлабки босқични муваффақиятли якунлади. Жумладан, эркаклар ўртасида -60 килограмм вазн тоифасида Олимпиада ва жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков Шимолий кореялик О Тэ Бомга қарши жанг ўтказди. Ҳамюртимиз рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмай, ишончли ғалабага эришган ҳолда чорак финалга чиқди.
Аёллар ўртасида -54 килограмм вазн тоифасида Нигина Ўктамова чорак финал йўлланмаси учун ўтган баҳсда тожикистонлик Бибинашастамо Холова билан куч синашди. Унда Нигина 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча боксчиларимиз Навбаҳор Ҳамидова, Феруза Казакова ва Шавкатжон Болтаев ҳам илк босқичда рақибларини мағлуб этган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА