46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси: Илк турдаги рақибларимиз – Ямайка ҳамда Тринидад ва Тобаго жамоалари
Бугун, 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги «Silk Road» халқаро туризм марказида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Айтиш лозимки, шахмат олимпиадасининг асосан эркаклардан иборат очиқ мусобақаларда 207 та жамоа, аёллар ўртасидаги баҳсларда эса 191 та жамоа қайд этилган.
Бугун ўтказиладиган 1-тур ўйинларининг очиқ мусобақаларида Ўзбекистон-1 Ямайка терма жамоаси билан, Ўзбекистон-2 Афғонистон ва Ўзбекистон-3 терма жамоаси Мали вакиллари билан куч синашади.

Аёллар ўртасидаги ўйинларнинг дастлабки баҳсида Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримовадан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Тринидад ва Тобаго, Ўзбекистон-2 шахматчи қизлари Того ва Ўзбекистон-3 вакиллари танзаниялик шахмат маликаларига қарши дона суради.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон-1 жамоасининг 1 тахтасида Нодирбек Абдусаттаров, кейинги тахталарда Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов баҳс олиб боради.

Шунингдек, олимпиадада биринчи рақам остида таснифланган АҚШ Ироқ билан рўбарў келса, Ҳиндистон Таиланд билан, Хитой Уганда билан, Германия Фарер ороллари жамоаси билан тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат шахмат олимпиадаси мусобақалари 27 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА