46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси: Австрияни мағлуб этган жамоамиз бугун Туркия билан куч синашади
Самарқандда давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси шиддатли ва муросасиз баҳслари билан дунёдаги “ақл гимнастикаси” ихлосмандларига бир олам завқ тортиқ этмоқда.
Кеча ортда қолган 3-тур ўйинларида совринли ўринларга даъвогар саналган АҚШ, Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон жамоалари ишончли ўйин намойиш этиб, рақибларини мағлуб этган вазиятда Аргентина жамоаси рейтингда кучлилар қаторида эътироф этилган Украина жамоасини, Эрон Франция вакилларини доғда қолдиргани куннинг энг шов-шувли натижаси бўлди.
Бугун, 19 сентябрь куни шахмат олимпиадасининг 4-турида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев ва Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 терма жамоаси Туркия билан куч синашади.
Шунингдек, Ўзбекистон-2 жамоаси Янги Зеландия, Ўзбекистон-3 вакиллари Яман терма жамоасига қарши дона суради.
[gallery-31512]
Бугун ўтадиган АҚШ-Украина, Испания-Ҳиндистон, Сербия-Хитой, Германия-Польша, Греция-Нидерландия, Озарбайжон-Чехия каби жамоалар ўртасидаги ўйинлар турнирнинг марказий баҳслари саналади.

Аёллар жамоалари ўртасидаги бугунги 4-тур мусобақасида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Гулдона Каримова, Нилуфархон Имомқўзиевадан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Аргентина, Ўзбекистон-2 вакиллари Қирғизистон ва Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Куба вакиллари қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Ортда қолган 3-тур мусобақасида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон-1 жамоаси Австрия вакилларини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистон-2 вакиллари мураккаб ўйинда Германияга 1,5:2,5 кўринишида имкониятни бой берган бўлса, Ўзбекистон-3 шахматчилари Марокашни енгди.
Хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон-1 шахматчи қизлари Индонезияни 3:1 ҳисобида таслим этди. Ўзбекистон-2 шахматчилари эса Испанияга худди шу ҳисобда (1:3) ютқазиб қўйди. Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Саудия Арабистони жамоасига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Бу натижада ҳам ўз аксини топди - 4:0.

Айтиш лозим, 4-тур ўйинлари остонасида эркаклар жамоалари орасида 20 та жамоа 6 очко жамғариб, юз фоизлик натижа билан мусобақани давом эттираётган бўлса, 6 та жамоа 5, 59 та жамоа эса 4 очкога эга бўлиб турибди.
Шахмат олимпиадасининг хотин-қизлар йўналишида 21 та жамоа 6 очкога, 8 та терма жамоа 5 очкога эга бўлган ҳолда совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 400 та шахмат жамоаси қатнашаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мусобақалари 27 сентябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА