«3 кунда даволаймиз» — рекламадаги ваъда қонунга тўғри келадими?
Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитаси томонидан тиббий хизматлар рекламасида «касалликдан бир умрга халос қиламиз», «мутлақо хавфсиз», «3 кунда даволаймиз», «ҳеч қандай ножўя таъсири йўқ» каби иборалардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилмоқда.
Бундай реклама нафақат истеъмолчини чалғитиши, балки қонунчилик талабларининг бузилишига ҳам олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуни 16-моддасига мувофиқ, ноаниқлиги, бўрттириб юборилиши ёки бошқа талаблар бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган номақбул реклама тақиқланган.
Шунингдек, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияда кўрсатилмаган хизматларни реклама қилишга ҳам йўл қўйилмайди.
Қонуннинг 47-моддасига кўра, номақбул реклама берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари миқдорида жарима қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида нотўғри реклама ёки ахборот оқибатида истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи, ижрочи ёки сотувчи томонидан тўлиқ қопланиши белгиланган.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА