25 миллиард сўмлик давлат харидларида қонун бузилиши аниқланди
Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидлари бўйича ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар давомида 25 миллиард сўмдан ортиқ харидларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Жиззах вилоятида қиймати 1,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган бир нечта харид жараёнида иштирокчиларга асоссиз талаблар қўйилгани ва талабгорлар нотўғри баҳолангани маълум бўлди. Масъулларга нисбатан тегишли ишлар қўзғатилиб, мажбурий кўрсатмалар берилди, маъмурий баённомалар эса судга юборилди.
Сирдарё вилоятидаги «Сирдарё ИЭС» филиалида ўтказилган 22,5 миллиард сўмлик тендер ҳам ўрганилди. Унда рақобат ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Фарғона вилоятида эса Марғилон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Бувайда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасида ўтказилган харидлар ўрганилди. Умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард сўмлик савдоларда қонунчилик талабларига риоя қилинмагани маълум бўлди. Бу ҳолатлар бўйича ҳам ишлар қўзғатилиб, масъул мансабдорларга нисбатан маъмурий тартибда чора кўриш учун ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Қўмита маълумотига кўра, аниқланган ҳолатларнинг асосий қисми харид иштирокчиларига асоссиз талаблар қўйилиши, уларни нотўғри баҳолаш ва рақобат қоидаларига риоя этмаслик билан боғлиқ.
Рақобат қўмитаси давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида мониторинг ишларини давом эттирмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА