2029 йилгача қорамол, қўй, эчки импорти ҚҚСдан озод қилиниши мумкин
Тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, 2026 йил 1 январдан 2029 йилга қадар қорамол, қўй ва эчкилар импорти қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, 2030 йилгача Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси ва Осиё футбол конфедерациясининг нуфузли мусобақа тадбирларини ўтказиш бўйича маҳаллий ишчи гуруҳи аъзолари даромад солиғидан озод қилинади.
IT Park резидентларига 2040 йилга қадар барча солиқлардан озод этиш имтиёзи тўлов ташкилоти, тўлов тизими оператори, электрон савдо майдончаси оператори, электрон тўлов тизимлари ва микромолия ташкилотларига қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Бу каби солиқ имтиёзлари парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳасида ўз аксини топган.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан тадбиркорлар учун белгиланган солиқ имтиёзларидан узлуксиз фойдаланиш имкониятини таъминлаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, солиқ қарзи ўз вақтида тўланмаган тақдирда ҳисобланадиган пеня миқдори ушбу қарз суммасидан ошиб кетмаслиги белгиланмоқда.
Солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талаб этилган тушунтириш ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этса, унинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш чорасини солиқ органлари томонидан автоматик равишда бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳада фармацевтика, пиллачилик, тўқимачилик каби ишлаб чиқариш тармоқлари, шунингдек, нодавлат мактабгача таълим, ижтимоий хизмат кўрсатиш ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга йўналишлар, инвестиция фаолиятини рағбатлантириш мақсадида йирик кўчмас мулк инвестиция лойиҳаларига нисбатан ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, кўкаламзорлаштириш ва ижтимоий аҳамиятга эга хайрия ташаббусларини қўллаб-қувватлашга оид солиқ енгилликлари ҳам белгиланмоқда.
Хусусан, пиллачилик бўйича касаначи жисмоний шахслар даромад солиғидан, уй шароитида пилла етиштирувчи касаначиларнинг иш ҳақи ижтимоий солиқдан озод этилиши ва тутзорлар билан банд бўлган ерларга туман Кенгашлари томонидан ер солиғи ставкаларига 0,1 коэффициент қўллаш бўйича имтиёз 2029 йилга қадар узайтирилмоқда.
2029 йилгача пиллачилик кластерлари пилла етиштириш ва сақлаш бинолари бўйича мулк ва ер солиғидан озод этилиши, ипакчилик корхоналари фойда солиғини 2 фоиз, ипак мато ва ипакдан тайёр маҳсулотларни сотадиган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз тўлаши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича бешинчи тоифага киритилган туманларда фаолият юритаётган айрим тадбиркорлик субъектлари учун пасайтирилган солиқ ставкаларини қўллаш ҳам назарда тутиляпти.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги айрим молиявий ва маъмурий чекловларни камайтириш, ҳудудларда ишбилармонлик фаоллигини ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА