2025 йилда 127,8 миллион дона ниҳол ва кўчат етиштирилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда кўчат етиштирувчи ва бута уруғчилиги билан шуғулланувчи хўжаликлар ва давлат ўрмон хўжаликлари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, яшиллик даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда давлатимиз раҳбари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш ва инновацион ечимларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишганда, кўкаламзорлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, ерни тайёрлашдан бошлаб суғориш тизимини яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, Ўрмон агентлиги томонидан 2025 йилда 1 минг 501 тонна дарахт ва бута уруғлари жамғарилиб, 127,8 миллион дона ниҳол ва кўчат, шу жумладан, 1 миллион дона ёпиқ илдизли йирик ҳажмли кўчат етиштирилган. Ўрмон агентлиги тизимида 1 минг 508 гектар майдонда 80 та кўчатхона фаолият юритмоқда. “Илм – лойиҳа – амалиёт” занжири асосида 31,8 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил этилган. 2026 йилда эса кўчатхона ва ниҳолхоналар майдони 1 минг 17 гектарга етказилиб, 101,6 миллион дона ниҳол ва кўчат, шунингдек, 937 тонна уруғ тайёрланган.

Муҳокамаларда депутатлар кўчатлар сифати, маҳаллий шароитга мослиги ва доимий жойга экилгандан кейинги яшаб қолиш даражаси билан баҳолаш зарурлигини таъкидладилар. “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги вазифаларни сифатли амалга оширишда кўчатчилик базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий иқлим шароитига мос ва яшовчан кўчатлар етиштириш муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, кўчатхоналарни автоматлаштирилган томчилатиб суғориш, тупроқ намлигини назорат қилувчи датчиклар, соялатиш ва бошқа ресурс тежовчи технологиялар билан жиҳозлаш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА