
Яна бир неча кундан сўнг мамлакатимиз олий таълим масканларида янги ўқув йили бошланади. Минг-минглаб талаба-ёшлар ўқиш иштиёқида таълим даргоҳларига келади.
Хўш, асосий вақти таълим масканларида ўтадиган ёшларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни оммавий спорт мусобақаларига жалб этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш таълим сифатининг ошишига таъсир кўрсатиши таъкидланган эди.

Шу мақсадда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича клублар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.
Янги ўқув йили бошланиши арафасида юртимиз олий таълим даргоҳларида қанча спорт тўгараклари ташкил этилди? Ҳудудлар кесимида вазият қандай? Қайси спорт турлари бўйича қанча спорт клуби ва тўгарак фаолияти йўлга қўйилади?
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида футбол, шахмат, волейбол, баскетбол, стол тенниси тўгараклари ташкил этилган. Университетнинг 150 нафар талабаси мазкур спорт турлари бўйича тўгаракларда мунтазам шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасидаги 10 та, Андижон вилоятидаги 7 та, Бухоро вилоятидаги 5 та, Жиззах вилоятидаги 3 та, Қашқадарё вилоятидаги 6 та, Навоий вилоятидаги 2 та, Наманган вилоятидаги 6 та, Самарқанд вилоятидаги 14 та, Сурхондарё вилоятидаги 6 та, Сирдарё вилоятидаги 3 та, Тошкент вилоятидаги - 7 та, Фарғона вилоятидаги 8 та, Хоразм вилоятидаги 5 та ва Тошкент шаҳридаги 33 та олий таълим муассасаларида спорт клублари ташкил этилиб, ушбу клубларда 1036 та спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Ташкил этилган спорт клуб ва тўгаракларининг қайси спорт йўналишларига ихтисослашганига назар ташланса, бу борада футбол тўгараклари сони кўплиги билан ажралиб туради.

Олий таълим муассасаларида ташкил этилган футбол тўгараклари сони 213 та бўлса, 144 та баскетбол, 174 та волейбол, 198 та шахмат ва 211 та стол тенниси бўйича спорт секциялари талаба-ёшларни ўз бағрига чорлашга ҳозир.
Т.Рўзиев, ЎзА