French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қоракўлда “Acharya” университети фаолият бошлайди
10:00 / 2023-08-21

Бухоро вилояти Қоракўл туманида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 июлдаги қарори билан вилоят ҳокимлиги, Ҳиндистон Республикасининг “Acharya” институтлар тармоғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида “Acharya” университетини ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорда белгиланишича, IT-кластер таркибидаги университетда таълим фаолияти 2023/2024 ўқув йилидан бошланади. Талабаларни ўқитиш грант ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. 

Ўқитиш кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий шаклларда олиб борилади. 

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган “Acharya Institutes” (Ҳиндистон)нинг белгиланган намунадаги дипломи берилади. 

Шунингдек, IT-кластер ҳудудида 1 300 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, 15 ўринли меҳмонхона, 100 ўринли инкубация маркази ва 50 ўринли масофавий хизматлар экспорти маркази, ошхона ҳамда очиқ ва ёпиқ турдаги спорт комплекслари қурилиши қайд этилган. 

Ҳамкор сифатида “Acharya” институтлар тармоғи танлангани бежиз эмас. Маълумотларга қараганда, бу илм даргоҳи 1990 йилда Бангалор шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган. Ҳиндистондаги бу йирик шаҳар саноат ва рақамли технологиялар соҳасида донг таратган. Мазкур институтлар тармоғи хорижий талабаларга эгалиги жиҳатидан дунё рейтингида кучли қирқталикка кирган. Унда жаҳоннинг 75 давлатидан ёшлар таҳсил олади. 

“Acharya” университети фаолият юритиши учун ҳозирги кунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига лицензия олиш зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилган. Демак, яқин кунларда университет расман фаолият бошлайди. 

“Acharya” университети IТ кластерининг бир қисми. Унда BPO, KPO ва Инновация маркази ҳам жойлашган. IТ-кластер талабаларга кампусдаги саноат тармоқлари орқали амалий тажриба ўтказиш имконини беради. 

Университет Cloud ҳисоблаш, компьютер фанлари, маълумотлар базаси билан ишлаш, киберхавфсизлик бўйича дастурларни таклиф қилади. 
Университетнинг асосий устувор томонлари йилига 1440 талаба, халқаро сертификатлаш ва IBM, Microsoft, Google ва бошқа йирик компаниялар каби глобал IT гигантлари билан ҳамкорликда ишлаш, барча талабалар учун бепул ноутбуклар, қобилиятли талабалар учун 100 грант, ота-онаси ўқитувчи бўлган талабаларга қисман грант ажратиш, Ҳиндистон, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар билан алмашинув дастурларини амалга оширишдан иборат. 

Зариф Комилов, ЎзА