
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Хонтепа маҳалласида фаолият юритаётган “Vulqon elektron sanoat qurilish” масъулияти чекланган жамияти пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда етарли тажриба тўплаган. Корхонада дастлаб сув ҳисоблагичлари учун ташқи таъсирлардан ҳимояловчи махсус пластик қутилар ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда пластик қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.
– Корхонамиз кўп тармоқли бўлиб қурилиш ишлари билан ҳам шуғулланамиз, – дейди МЧЖ раҳбари Санжар Исмоилов. – Шу боис ўзимизда ҳам турли ўлчамдаги пластик қувурларга бўлган эҳтиёж юқори эди. Уни узоқ жойдан олиб келиниши маҳсулот таннархи ошириётган эди. Айнан шу жиҳат пластик қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ундади.
Аҳамиятли жиҳати, тадбиркор томонидан билдирилган таклиф туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Лойиҳани йўлга қўйиш учун ҳудуддаги кичик саноат зонасидан 35 сотих ер майдони ажратиб берилди. Натижада тадбиркор қисқа фурсат ичида бу ерда ишлаб чиқариш объектини барпо этиб, хориждан 15 хил ўлчамдаги пластик қувурлар ишлаб чиқарадиган замонавий технология олиб келди. Ишлаб чиқариш бошланди.
– Ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни “Шўртангазкимё” масъулияти чекланган жамиятидан харид қиляпмиз, – дейди корхона ишчиси Акром Холиқулов. – Бундан ташқари, пластик чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналардан ҳам олиш мумкин. Олиб келинган пластик гранулалари махсус ускунага қўйилгач, цех ишга тушади. Оператор буюртмага қараб, мавжуд компьютерга қайси ўлчамдаги қувур кераклиги ҳақидаги маълумотни киритса бас, қолганини техниканинг ўзи бажаради.
Корхона раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги кунда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг деярли 80 фоизи мазкур субъектнинг ўзи томонидан амалга оширилган қурилиш объектларида ишлатилмоқда. Қолган қисми эса ички бозорга сотилмоқда. Маҳсулотга талаб юқори, олдиндан буюртмалар ҳам кўп. Бу лойиҳани янада кенгайтиришга ундамоқда. Шу мақсадда тадбиркор йирик ўлчамдаги пластик қувурлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйишни режалаштирган.
[gallery-11602]
Албатта, тадбиркор аввало ўз манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади. Фаолиятни кенгайтирсам, бозорда ўз ўрнимга эга бўлсам, иқтисодий имкониятларимни оширсам, дейди. Шу йўлда ишлайди, изланади, интилади, янги ташаббусларни амалга оширади. Бунинг ортидан ҳудуд фаровонлашади, истеъмолчи учун танлаш имконияти кенгаяди. Яна бир муҳим жиҳати янги иш ўринлари пайдо бўлади. Хусусан, “Vulqon elektr sanoat qurilish” МЧЖнинг пластик қувурлар ишлаб чиқариш цехида шу кунгача 6 нафар фуқаронинг доимий иш билан бандлиги таъминланган бўлса, лойиҳанинг иккинчи қисми ҳам амалга оширилгач, улар сони яна ошади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА