Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори
21:43 / 2023-09-28

Европа Иттифоқининг таъсисчи давлатларидан бири, 84 миллиондан зиёд киши истиқомат қиладиган Германия Европа Иттифоқи ҳудудидаги аҳоли энг зич жойлашган мамлакат. Кучли инновацион салоҳияти, экспортга йўналтирилганлиги билан ажралиб турадиган ушбу давлат иқтисодиёти ЕИда биринчи, дунёда тўртинчи ўринда туради. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти тахминан 4 триллион доллар ёки жаҳон улушининг 4,5 фоизини ташкил қилади. Саноатида 4 тармоқ – автомобилсозлик, машинасозлик, кимё ва электротехника устувор ҳисобланади.

Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасидаги энг ишончли ва муҳим савдо шерикларидан бири саналади. Алоқалар йилдан-йилга ривожланиб боришида давлат раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур мамлакатга навбатдаги амалий ташрифи муносабати билан ЎзА мухбири ўзаро алоқалар, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик хусусида Германия иқтисодиёти бўйича Марказий Осиёдаги ваколатхонанинг республикамиздаги идораси – “German Industry and Commerce” бош директори Отабек ОЛИМЖОНОВ билан суҳбатлашди.

– Отабек ака, дастлаб Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги, хусусан, иқтисодий алоқаларимизнинг жорий ҳолати ҳақида гапириб берсангиз?

– Германия Ўзбекистоннинг етакчи стратегик ҳамкорларидан бири саналади. Айниқса, кейинги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда гуманитар соҳаларда ривожланаётган муносабатлар Европа Иттифоқи доирасидаги конструктив мулоқот самарасида ҳам яққол кўзга ташланади.

Қувонарли жиҳати шундаки, немис компанияларининг бутун минтақага, хусусан, нафақат хомашё ва ишлаб чиқариш салоҳияти, балки меҳнат ресурсларига ҳам бой Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортмоқда.

– Немис бизнеси вакиллари Ўзбекистонда яратилган сармоявий муҳитдан қай даражада хабардор? Умуман бу борада улар қандай фикрда?

– Немис бизнеси вакиллари Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларга нафақат ижтимоий тармоқ орқали, балки мамлакатимизда фаолият юритаётган Германия компаниялари вакиллари, шунингдек, биз каби ҳамкорлар томонидан ташкил этилган ўзаро сафарлар орқали ҳам эга бўлишади. Масалан, тузилмамиз томонидан юртимиздаги иқтисодий вазият, бизнес юритиш имконияти бўйича турли шаклда семинарлар ўтказилади. Уларда потенциал инвесторлар, мамлакатда филиал ёки ваколатхона очмоқчи бўлган компаниялар учун имтиёз ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берамиз. Айтиб ўтиш жоиз, немис ишбилармонлари молиявий инвестиция ёки бизнес-режа каби масалаларга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашади. Масалан, эркин иқтисодий зоналарда тақдим этилган имтиёзли шарт-шароитларга хайрихоҳлик билан қарайди.

Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар Германия компанияларининг қизиқишини оширмоқда. Бинобарин, глобал миқёсдаги инвестициялар учун жиддий рақобат мавжудлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Шу маънода қабул қилувчи мамлакатда хорижий бизнес учун шароитни мунтазам яхшилаб бориш зарурати нуқтаи назаридан айни йўналишдаги ишларни давом эттириш жуда муҳим, деб ўйлайман.

– Ҳозир мамлакатимизда Германиянинг қандай йирик инвесторлари фаолият юритмоқда ва бу борада қайси соҳа ёки тармоқлар устувор ҳисобланади?

– Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган корхоналар сифатида “KNAUF”, “Falk Porsche Fiberglass”, “Falk Porsche Technik GmbH”, “Papenburg Uzbekistan”, “SIEMENS Energy”, каби йирик компанияларни санаб ўтиш мумкин. Бундай бизнес субъектлари сони йил сайин кўпаймоқда. Маҳсулот ва хизматлар тури ҳақида гап кетганда қурилиш материаллари ва кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, асфальт, технология, таълим каби муҳим йўналишлар етакчи эканини айтиш мумкин. Умуман, кўплаб янги соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттириляпти.

– Президентимизнинг жорий йил май ойидаги Германияга ташрифи савдо-иқтисодий, сармоявий алоқалар ривожига қандай таъсир кўрсатди?

– Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташрифи жуда самарали кечганини алоҳида таъкидлаш керак. Олий даражадаги тадбирлар олдидан икки давлатнинг кўплаб корхона ва компаниялари раҳбарлари, йирик ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Анжуман давомида “яшил” энергия, кимё, фармацевтика, транспорт, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва бошқа соҳаларни қамраб олган 9 миллиард долларлик савдо, инвестиция ва технология шартномалари тузилди. Иқтисодиёт, савдо, молия, фан, таълим ва инновация соҳаларида 16 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Бундай йирик халқаро тадбирлар ишбилармонлик алоқаларини янада кенгайтириш, ўзаро савдони ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга қўшма инвестиция лойиҳаларини, турли ташаббусларни илгари суриш истиқболи ва имкониятини аниқлаш имконини беради, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Икки томонлама изчил саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, икки давлат ўртасидаги маҳсулот ва хизмат айирбошлаш миқдори сўнгги 5 йил ичида икки баробар ортиб, биринчи марта 1 миллиард евродан ошди.

– Яхши биламиз, мамлакатимизда Германия капитали иштирокида 200 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Германиядаги бизнеси ҳақида қандай маълумотлар бор? Мамлакатимизнинг ушбу давлатга экспорти қайси йўналишларни қамраб олган?

– Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Ўз навбатида, республикамиз Германиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим савдо шериги. Юртимизга кириб келадиган немис товарлари умумий ҳажмидаги асосий улуш машина ва ускуналар, кимё ва тегишли маҳсулотлар, транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар, ўлчаш ва назорат қилиш ускуналарига тўғри келади.

ЕИ томонидан берилган “GSP+” умумий имтиёзлар тизимининг бенефициар мақоми доирасида Ўзбекистон Германияга мева-сабзавот, ҳўл ва қуритилган мева, ёнғоқ, помидор, тўқимачилик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак, шунингдек, саноат товарларининг айрим турларини экспорт қилади. “GSP+” мақоми Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига етказиб берилиши мумкин бўлган кенг ассортимент – 6 мингдан ортиқ номдаги товарлар учун пасайтирилган тариф қўллашни назарда тутади.

Маълумотларга кўра, 2022 йил Ўзбекистоннинг Германияга экспортида тўқимачилик маҳсулотлари 33, кимёвий маҳсулотлар (ўғитлар) 14, саноат (айрим турдаги металл ва элементлар) моллари 12, мева-сабзавот 9 фоизни ташкил этган.

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28-30 сентябрь кунлари Германияга ташрифи ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришда қанчалик муҳим, деб ўйлайсиз?

– Иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун сиёсий даражадаги, айниқса, олий даражадаги мулоқотлар, шаксиз жуда муҳим. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федератив Республикасига навбатдаги ташрифи ҳам тарихий воқеаларга бой бўлиши кутиляпти. Хусусан, икки томонлама музокаралар давомида иқтисодиётимизни кучайтиришга қаратилган – давлатларимиз ўртасида айрим товар, хизматларни лицензиялаш ёки сертификатлаш бўйича чекловларни бекор қилиш, божхона тўлови ва йиғимларини камайтириш, муайян қоидаларни тартибга солиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этишга доир аниқ амалий ишлар учун замин яратилади, деган умиддаман. Бу ҳар икки мамлакат учун ҳам фойдали ва самарали бўлади.

ЎзА мухбири

Гўзал САТТОРОВА 

суҳбатлашди.