Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ресурсларини бошқаришда электрон тизим жорий этилади
19:50 / 2023-09-28

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 сентябрдаги “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар, ҳужжатларни hrm.argos.uz электрон платформасида шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди.

Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумот ва ҳужжатлар эндиликда электрон платформа орқали бевосита боғлиқ бўлган электрон тизимларга автоматик тарзда юборилади.

Хусусан, давлат органи тузилмаси, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари ва уларга қўшимча битимлар, меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши ҳамда вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига, қабул қилинган ички идоравий ҳужжат (буйруқ, қарор ва фармойиш)ларни ижрога қаратиш учун “edo.ijro.uz” ахборот тизимига, ходимларга ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун зарур бўлган маълумотлар “UzASBO” дастурий мажмуасига юборилади.

Давлат органларининг вакант лавозимларини эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар электрон платформа ва vacancy.argos.uz ахборот тизимининг ўзаро интеграциялашуви асосида амалга оширилади. Таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон базага жамланган ҳолда ахборот тўпланади.

Ходимлар давомати ва иш вақти ҳисоби табели, шунингдек, хизмат сафари, меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври электрон шаклда қайд этиб борилади, ходимларнинг иш фаолияти самарадорлиги автоматик баҳоланиб, кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архиви юритилади. Бунинг натижасида ортиқча қоғозбозликнинг олди олинишига эришилади.

Масалан, ўртача 50-60 нафар ходим фаолият кўрсатадиган давлат органи мисолида бир ойлик сарфланадиган қоғоз 4-5 ўрам (пачка) ёки 2 минг 500 донани ташкил этса, бу бир йилда 60 ўрам ёки 30 минг дона қоғоз сарфланади дегани. Бу рақамлар вилоят ва туман (шаҳар)лардаги давлат идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар миқёсида олганда бир неча тоннани ташкил этади.  

Давлат органларининг белгиланган раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш жараёни электрон платформа орқали амалга оширилади. Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг шахсий маълумотлари электрон платформа ва zaxira.argos.uz платформасининг ўзаро интеграциялашуви асосида амалга оширилади.

Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш учун юридик шахс мақомидаги давлат органлари электрон платформадан фойдаланувчи ҳисобланади. Барча фойдаланувчилар электрон платформада шахсий ЭРИ калити орқали рўйхатдан ўтиши лозим бўлади.

Давлат органи раҳбари томонидан инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси масъул ходимига электрон платформадан фойдаланиш имконияти берилади ва масъул ходим электрон платформада маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириб боради.

Шунингдек, давлат органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид фаолияти электрон платформада юритилишига давлат органи раҳбари бевосита масъул бўлса, маълумотларнинг ўз вақтида киритилиши, ҳаққонийлиги ҳамда тўлиқлиги бўйича инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқаришга бўлинма ходимлари жавобгарлиги белгилаб қўйилди.  

Хулоса қилиб айтганда, давлат органларида hrm.argos.uz электрон платформасининг юритилиши натижасида инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишидаги бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, жумладан, қоғозбозликдан воз кечиш ва вақтни тежаш билан бирга, турли жараёнларда инсон омилини қисқартириш натижасида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга эришилади.

 

Ҳаётбек Акбаров,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилоят филиали раҳбари ўринбосари.

ЎзА