
Президентимизнинг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Сурхондарё вилоятида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Энг улуғ байрамимиз олдидан мамлакатимизда ўтказилаётган “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ташкил этган тадбир ҳам юртдошларимизнинг Ватанга муҳаббат, юртга ва истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ҳаётдан рози бўлиб яшаш ва эртанги янада обод турмушга умид ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шу куни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов ҳудудларда бўлиб, бир гуруҳ эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди. Яқинлашаётган мустақиллик байрами билан табриклади. Муаммоларини тинглаб, ечимини топишга кўмаклашди.
Жумладан, Термиз шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшайдиган Тўхта Ҳасанова ногиронлиги бор ўғли ва фарзандларининг мактаб кийим-кечаклари ва ўқув қуроллари олишига кўмаклашишни сўради. Тупроққўрғон маҳалласилик ногиронлиги бор Салима Самандарова соғлигини тиклаш учун дори-дармон олишга маблағ ажратиш юзасидан мурожаат қилди. Сурхон соҳили маҳалласида истиқомат қилаётган ногиронлиги бор Алишер Қодиров уй-жойини таъмирлашга ёрдам беришни сўради.
–Байрам арафасида бизни сўроқлаб келишганидан бошимиз кўкка етгандек бўлди,– дейди А.Қодиров.–Суҳбат чоғида уйимизни таъмирлашга имкониятимиз етмай турганини айтдим. Бунинг учун етарли маблағ ажратилиб, тез кунларда ишлар бошланадиган бўлди. Бундан қалбим ғурурга тўлиб, инсон қадр-қиммати улуғланаётган Ватанда яшаётганимдан фахр-ифтихор туйғусини ҳис этдим. Барчага бирдек эътибор қаратаётган давлатимиздан, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзаётган яхши инсонлардан бир умр миннатдормиз.
Очиқ мулоқотларда ўртага ташланган муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, бир гуруҳ якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор оилалар, эҳтиёжманд фуқароларга фонднинг эсдалик совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
–Байрам арафасида бошланган бу эзгу амални давом эттирамиз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими бошқаруви раиси Холмамат Самадов. – Туман ва шаҳар бўлинмаларимиз ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бор фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаб, уларга тегишли ёрдам кўрсатамиз. Қўлимиздан келганча меҳр улашиб, байрам совғаларини туҳфа қиламиз.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида мамлакатимиздаги 239 маҳалла идорасини 1 миллиард 200 миллион сўмлик компьютер жамланмаси, 227 маҳалла фуқаролар йиғинини 1 миллиард 372 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминлашни режалаштирган.
Термиз шаҳрида ташкил этилган тадбирда Музработ туманидаги “Чегарачи”, Шеробод туманидаги “Катта ҳаёт”, Термиз туманидаги “Қўнғирот” каби чекка ва олис 51 маҳалла фуқаролар йиғинига 257 миллион сўмлик компьютер, Ангор туманидаги “Кайран”, Денов туманидаги “Лолазор”, Жарқўрғон туманидаги “Боймоқли” каби 42 маҳалла идорасига 256 миллион сўмлик мебель жиҳозлари сертификати тантанали топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири