Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг янги технологиялар ва маҳсулотларни намойиш этиш учун яна бир майдон яратилмоқда
18:52 / 2023-09-28

Жорий йилнинг 4-6 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan 2023” ўн учинчи ва “Иситиш, вентиляция, ҳавони кондиционерлаш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари – Aquatherm Tashkent 2023” ўн биринчи халқаро кўргазмалари бўлиб ўтади.

"Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоева ушбу кўргазмаларнинг ташкил этилиши ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.  

– "Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси асосан баҳор ва куз мавсумларида тематик жиҳатдан қатор кўргазмаларни ташкил этади, – деди Н.Ҳайитбоева. – Албатта, бунда  “ICA Eurasia Group”  халқаро ҳамкоримиз ва  маҳаллий давлат ташкилотиларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. 4-6 октябрь кунларида пластмасса саноати ва иситиш, вентиляция, ҳавони кондиционерлаш, сув таъминоти каби бир неча йўналишларни қамраб олган кўргазмалар намойиши ҳам иштирокчилар ва истеъмолчиларнинг катта қизиқишини уйғотади, деган умиддамиз.  

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон иқтисодиётининг барча тармоқлари, яъни саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси мутаносиб ривожланишининг намунасидир. Саноат секторининг жадал ривожланиши юқори сифатли хомашё ва материаллар билан доимий таъминлашни талаб қилади. Ушбу жараённинг асосий таркибий қисмларидан бири турли соҳаларда муҳим роль ўйнайдиган пластмасса ва полимерлардир. Ушбу маҳсулотлар қадоқлаш материалларидан тортиб автомобиль ва электротехника саноати учун компонентларгача бўлган турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун асос ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб айтганда, пластмасса ва полимерларга бағишланган кўргазмани ўтказиш бозор иштирокчилари учун муҳим воқеага айланади. Негаки, улар учун мазкур намойиш тажриба алмашиш, янги шартномалар тузиш ва бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш учун ноёб платформа яратади.    

“Ўзэкспомарказ”нинг 3- ва 4- павильонларида  8 мамлакатдан 200 дан ортиқ компания иштирок этади. Унда  Ўзбекистон,  Ҳиндистон, Италия, Россия, Туркия, Туркманистон, Хитой, Эрондан келган иштирокчилар  замонавий ускуналар, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги энг янги технологиялар, илмий-тадқиқот натижалари, пластмасса ва полимер бозорининг сўнгги ривожланиш тенденцияларини тақдим этади.  

Иккинчи кўргазмамиз бевосита куз-қиш фаслига тараддуд кўриш жараёнида янгиликлар билан танишишда катта аҳамиятга эга.  Чунки айнан куз фаслида иситиш, вентиляция, ҳавони кондиционерлаш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари тақдимоти билан яқиндан танишиш ҳар қандай муаммолар ечимида фойдалидир.  

1- ва 2-павильонларда намойиши бўлиб ўтадиган “Aquatherm Tashkent 2023” кўргазмаси  Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги “UzBuild”дан кейин иккинчи йирик тадбирдир. Қурилиш саноатида ривожланиши кузатилаётган мамлакатда инфратузилманинг муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу кўргазма қурилиш секторини муваффақиятли равнақида асосий омил бўлган муҳандислик, вентиляция, канализация ва сув таъминоти йўналишларидаги янгиликлари билан ана шундай эҳтиёжни қоплашда муҳим ўрин эгаллайди.  

Кўргазмада Беларусь Республикаси, Германия, Италия, Корея Республикаси, Озарбайжон, Польша, Россия, Туркия, Хитой, Ўзбекистондан 151 компания иштирок этади. Бу эса қурилиш ва HVAC/R саноати соҳасида энг янги технологиялар ва маҳсулотларни тақдим этиш истаги билан боғлиқдир.    

 

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА  

ёзиб олди