
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Севарсой" сиҳатгоҳида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди.
"Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган мазкур учрашувда Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Хуршид Дўстмуҳаммад, "Ишонч" газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов мустақиллик - Ватанимиз, юртдошларимиз тақдирида янгича тафаккур, янгича дунёқарашга замин яратганини таъкидлади.

- Миллатнинг фаровонлиги наинки моддий фаровонлик. балки ижтимоий адолат ва эркинликда намоён бўлмоқда, - деди Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров. - Интеллектуал юксалиш ҳамма нарсадан, ҳатто нон, сувдан устун. Бугун халқимизнинг интеллектуал юксалиши йўлида барча саъй-ҳаракатлар ишга солинмоқда. Қирқ йил давомида Фёдор Достоевскийнинг олтита романини ўзбек тилига таржима қилдим. Бу ишлар, энг аввало, миллатнинг интеллектуал юксалиши йўлидаги саъй-ҳаракатлардир.
Учрашувда адабиёт, маданий-маърифий жабҳалардаги янгиланишлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА