Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар омбудсмани: боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати қонун ҳимоясида
10:15 / 2023-11-07

Болалар ҳаётимизни янги мазмун бойитадиган, қолаверса, уни давом эттирадиган бебаҳо неъматдир.

Гарчи, бола бир ота-онадан туғилиб, фақат уларга тегишли бўлсада, бироқ у жамиятдан айро эмас. Яъни, ҳар бир бола дунёга келар экан, у жамиятнинг янги аъзосига айланади, унинг ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.  

Аммо, афсуски, айрим ота-оналар боласига мулк сифатида қарайди. Ундан мулкдан фойдалангандек истаганча ёхуд билганимча фойдалансам, дейди. Айниқса, болани аяб ўтирмайдиганлар борлиги жуда ачинарли.  

Боласини уриб, сўкаётган ота ёки онага кимдир танбеҳ бериб қолса, “нима ишингиз бор, ўз боламку”, дейдиганлар топилади. 

Ижтимоий тармоқларда эридан аламини олиш учун боласини аёвсиз калтаклаётган ношукр аёллар пайдо бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.  

Куни кеча хонадонлардан бири ҳовлисида ёш болани аёвсиз калтаклаётган аёл акс этган видео тарқалди.  

Ҳолат бўйича зудлик билан Наманган шаҳар ички ишлар бўлими фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими, Янги Наманган тумани ички ишлар бўлими тезкор тергов гуруҳи воқеа жойида ҳозир бўлган.  

Ушбу ҳолат Болалар омбудсмани томонидан ҳам назоратга олинди.  

Аниқланишича, 2023 йил 4 ноябрь куни Янги Наманган тумани, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини Исломобод кўчасида яшовчи фуқаро K.X. яшаш хонадонида ўз фарзанди, 2013 йилда туғилган вояга етмаган С.М.ни қаттиқ калтаклаган.  

Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, вояга етмаган С.М.нинг олган тан жароҳати юзасидан тегишли тартибда судга оид тиббий экспертиза тайинланган.  

Ҳозирда Наманган шаҳар ички ишлар бўлими фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлинмаси томонидан фуқаро K.X.нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши юзасидан тегишли тартибда тергов, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Болалар омбудсманининг қайд этишича, болаларга нисбатан ўз ота-оналари томонидан ҳам бундай муомалада бўлиш қонунан тақиқланади. Унутманг, боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати қонун ҳимоясидадир.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА