Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
7 нафар иқтидорли талаба Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди
16:37 / 2023-08-21

Ўзбекистон Бадиий академиясида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси ғолибларига мазкур стипендия гувоҳномасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда истеъдодли ёшлар, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ютуқларини рағбатлантириш ва муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун алоҳида давлат стипендиялари тайинланаяпти.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган иқтидорли ва ижодкор талабаларни моддий ва маънавий муносиб қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш вазифаси белгиланди.  

Мазкур қарор ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори билан “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди. 

 

Стипендия тайинлашда талабгорнинг олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этгани, соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани, ўзбек миллий санъати тарғиботига қўшган ҳиссаси инобатга олинади.  

2023 йилда учинчи бор Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси танлови ўтказилди.  

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тузилган Эксперт гуруҳининг қарорига асосан 7 нафар иқтидорли ижодкор талаба тегишли таълим йўналишлари бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди. Булар:    

1.Нодира  Гайбердиева – Гулистон давлат университети 3-курс талабаси, Дастгоҳли рангтасвир танлов йўналиши;  

2.Муаззамой  Абдураимова – Андижон давлат педагогика институти 2-курс талабаси, Рангтасвир (турлари бўйича) танлов йўналиши;  

3.Улуғбек  Истамтошев – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси, Графика ва миниатюра танлов йўналиши;  

4. Ўлмасбек   Ёқубов  – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси, Ҳайкалтарошлик (турлари бўйича) танлов йўналиши;  

5. Гулируҳ Нормахматова – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси, Амалий санъат (турлари бўйича) танлов йўналиши;  

6. Озода Хатамова – Тошкент архитектура-қурилиш университети 3-курс талабаси, Дизайн (турлари бўйича) танлов йўналиши;  

7. Озода  Салоева – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси, Санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) танлов йўналиши.  

Тантанали маросимда ғолиб талабаларга ушбу давлат стипендиясининг гувоҳномаси топширилди. Ёшлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдирди.  

Н.Усмонова, ЎзА