
Тиббиётимизда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари туфайли ноёб амалиётларни юртимизда ўтказиш имкони яратилмоқда.
Пойтахтимиздаги Болалар миллий тиббиёт марказида туркиялик моҳир жарроҳ билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк бор ана шундай мураккаб амалиёт – ошқозон ости безидаги ўсимтани олиб ташлаш операцияси муваффақиятли бажарилди.
– Ушбу операция жуда ҳам мураккаб амалиётлардан ҳисобланади, – деди туркиялик жарроҳ Чагатай Эврим. – Ҳамкасбларим билан ушбу операцияни 15 соатдан ортиқ вақт давомида қиламиз. Мана шундай жарроҳлик амалиёти Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда. Ҳамкорлигимиз келгусида ҳам давом этади деган умиддаман.
Хирургия йўналишида қўлланилаётган янги усуллар жарроҳлик амалиётисиз тузалмайдиган туғма нуқсон билан дунёга келган болалар тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Жажжи қалб эгаларининг ҳаётини сақлаб қолиш умиди уйғонмоқда.
– Ошқозон ости безидаги ўсимтани олиб ташлаш энг қийин жарроҳлик амалиётларидан саналади. Унинг мураккаблиги шундаки, операциядан сўнг беморда оғир асоратлар қолиши, ҳатто, ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин, – деди Болалар миллий тиббиёт маркази бош шифокори Бахтиёр Умаров. – Бу болаларда эса бир неча карра мураккаб ҳисобланади. Бундай амалиёт авваллари Ўзбекистонда бажарилмаган.
Мазкур амалиёт туфайли ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган қизалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинди. 15 соатдан ортиқ вақт давом этган операция муваффақиятли якунланди.
Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу марказнинг бунёд этилишида мурғак қалб эгаларининг дардларига малҳам бўлиш, уларга янгидан ҳаёт бахш этиш, оилаларга қувонч улашиш мақсади мужассам эди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА