Қарор ва ижро
Бугун қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектар ердан самарали фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Хусусан, мазкур ҳужжат бўйича ўтказилган хатловлар натижасига кўра, Тошкент вилоятида 1 минг 700 гектар дала четлари ҳамда 61 гектар канал ва коллектор атрофларида мевали дарахт кўчатлари ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга яроқли майдонлар аниқланган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган семинарларда ана шу майдонлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
Тадбирларда соҳа мутахассислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари ҳамда томорқа ер эгалари иштирок этмоқда. Жумладан, Оққўрғон, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Оҳангарон туманларидаги фермер хўжаликларида бўлиб ўтган навбатдаги семинарда деҳқон ва боғдорчилик хўжаликлари вакиллари фаол қатнашди.

Мутахассислар ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос мевали дарахтлар ҳамда тўқсонбости экин турларини экишни тавсия қилди. Жумладан, Оҳангаронда аҳолининг сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2026 йил ҳосили учун ҳозирдан ҳаракатга киришиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳозир туманда 3 минг 15 гектар мевали боғ, 266 гектар узум боғи мавжуд. Шундан 785 гектарига тўқсонбости экинларни экиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида экин турларини жойлаштириш масаласи муҳокама этилди. Фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ҳамда экспортчи корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Албатта, дала четлари, ирригация ва мелиорация объектлари ҳамда зовурларнинг ҳимоя қисмидан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Бундай саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби тадбирлар барча туманларда белгиланган жадвал асосида босқичма-босқич ўтказилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.