
Ҳар гал тоғ қишлоқларига борганимизда самимий ва меҳмондўст одамларни кўриб, қувонасан киши. Соддадил тоғликлар билан суҳбатлашиб тўймайсиз. Шунинг учун бўлса керак, яратганнинг ўзи тоғликларга ўз неъматларини ортиғи билан берган. Тоза ҳаво, зилол сув, сўлим табиат. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шамоли ҳам олис тоғ қишлоқларигача етиб бормоқда ва бу тоғликларни бениҳоя мамнун этмоқда.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Ғилон қишлоғи туман марказидан 84 километр узоқликда жойлашган. Аввалги саёҳатимизда Шаҳрисабз туманининг тоғ қишлоқларига олиб борувчи йўлларга асфалт ётқизилаётганини ҳикоя қилган эдик. Бу гал борганимизда кенг ва равон йўлдан қийналмай бордик. Айниқса, Ғилон қишлоғига чиқадиган илон изи йўллар кишида ўзгача таассурот қолдиради.
Аслида қиш мавсуми арафасида тоғ ён бағирларида яшовчи аҳолининг шарт-шароитини ўргангани боргандик. Йўлимизни эса яна Ғилон қишлоғи томон бурдик. Натижа эса кутилгандан зиёда. Ғилон қишлоғи мўъжазгина шаҳарчага айланибди. Асфальт кўчалар, савдо дўконлари, замонавий боғча ва мактаблар, шинам уй-жойлар сўлим табиатли қишлоққа ўзгача ҳусн бағишлаган.
Шу куни туман газ ташкилоти Ғилонга газ баллонлар тарқатаётган экан. Қиш мавсумида тоғларда яшовчи аҳоли учун газ баллонлар муҳим саналади.
Шу қишлоқлик Гулдаста Ашурова оддийгина тоғ аёлларидан бири. Қишлоқдаги маиший турмушнинг тобора яхшилаб бораётгани, аввало, у каби аёлларни ҳурсанд қилмоқда. Боиси газ баллонларнинг вақтида келиши тоғ аёлларини қиш-қировли кунларда учоқ ташвидан қутқаради.
– Бир чойнак чой учун ҳам қумғон қайнатишга тўғри келарди, – дейди Гулдаста Ашурова. – Мана бир неча йилдан буён газ баллонлар келиб, учоқ ташвишидан қутулдик. Шаҳарникидан қолишмайдиган ошхона қуриб олдик. Замонавий газ плита харид қилдик. Энди уйдан чиқмаган ҳолда ҳар хил таомлар тайёрлаймизда.
Пурвиқор тоғларга яқин бўлгани боис, Ғилон қишлоғига қор тушган. Уйларнинг томларини қор қоплаган. Айни бу паллага келиб бу қишлоқда боғдорчилик, деҳқончилик ишлари тугайди. Ҳамма ёз бўйи қилинган меҳнат роҳатини кўриб, тўйлар, маъракалар қилишади.
– Маҳалламизда 3,5 минг нафарга яқин аҳоли, 1 минг 200 дан зиёд хонадон, 1 минг 750 та оила яшайди, – дейди “Ғилон” МФЙ раиси Сафармурод Жабборов. – Халқимизнинг кайфияти яхши. Боиси жорий йилда маҳалламиздаги икки километр, туман марказига олиб борадиган 9 километр йўл асфальт қилинди. Бундан ташқари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ҳар бир хонадонга 1-1,5 тоннадан кўмир тарқатяпмиз. Ҳозирга қадар 400 тоннадан ортиқ кўмир тарқатилди. Кўмир тарқатиш ишлари ҳали давом этмоқда. Шунингдек, мана кўриб турганингиздек, газ баллонлари вақтида келтирилмоқда. Йўлда келгунча кўргандирсиз, “Оқсув” дарёси йўлида катта гидроэлектр станцияси қуриляпти. Насиб этса, у битгач, электр таъминотида умуман муаммо бўлмайди. Биз тоғлиқларга бундай эътибордан жуда мамнунмиз.
[gallery-14805]
Газ баллонлар ҳар бир хонадонга махсус тарозига тортилган ҳолда тарқатилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари ва ёлғиз қарияларнинг уйларига олиб бориб берилмоқда.
Шу қишлоқлик Турдиқул бобо Алмуродов кампири билан ёлғиз яшайди. Бахтга қарши фарзанди бўлмади. Унинг таъкидлашича, ёшлигида меҳнат қилиб чарчамасди, аммо кексалик ўз кучини кўрсата бошлади. Оғир меҳнатларга қуввати келмай қолди. Аммо маҳалла фаоллари, қишлоқ ёшлари бу иккала кексанинг ёлғизлигини билдиришмайди. Доим ҳолидан хабар олиб, юмушларига кўмаклашади. Газ таъминоти корхонаси вакиллари ҳам бобони яхши танишади. Газ баллонларини уйига келтириб, улаб беришади. Отахон қишлоғида ва юртимизда амалга оширилаётган ободликка шукрона келтириб, қўлларини дуога очади.
– Ёшим 86 да. Қишлоқда тошдан қурилган битта мактаб бор эди, – дейди Турдиқул бобо Алмуродов. – Бошланғич таълимни ўша мактабда олганмиз. Қийин замонлар эди. Бугун қаранг, замонавий мактаблар, боғчалар қурилиб кетди. Ота-боболаримиз кўрмаган дориламон кунларни кўрдик. Келгусида бундан ҳам зиёда бўлсин. Давлатимиз омон бўлса, биз каби кексалар ҳеч қачон эътибордан қолмаймиз. Кампирим билан юртимиздаги 84 та қадамжони зиёрат қилиб келдим. Дам олишларга бориб келдик. Турмушимиз тўкин-сочин. Албатта буларнинг барчаси тинчлигимизнинг, мустақиллигимизнинг шарофатидандир.
Ғилонликларнинг газ баллонлардан фойдаланишда техник хавфсизлик қоидаларига амалга қилишдаги жайдари услуб бизни қизиқтириб қўйди. Маҳалла кўчалари бўйлаб юраркансиз, ҳар бир уйнинг орқа томонида ердан 1,5-2 метр баландликда деворга ўрнатилган газбаллонларга кўзингиз тушади. Деярли ҳамма хонадонда фойдаланиш тартиби шундай.
– Ҳозирги кунда Шаҳрисабз туманида жами 54 та маҳалла бўлиб, Шаҳрисабз тумани марказидан 80-90 километр узоқликда жойлашган Ғилон, Сарчашма, Ҳисорак, Сайёд каби тоғли ҳудудларимиз ҳозирги кунда газ билан таъминлаш графиги автоматлаштирилган тизимга ўтказилган, - дейди Шаҳрисабз туман суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Баҳром Жўраев. – Ҳозирги кунда ҳар бир истеъмолчига ID карталар орқали ва газ баллонларнинг устига бар кодли стекер ёрлиқлар ёпиштирилган ҳолатда тарқатилади. Автоматик тизимга ўтказишдан мақсад аҳолига газ етказиб беришни назорат қилиш, муддатини ўтказиб юбормасликдир. Тоғли ҳудудларга суюлтирилган газ 35 кун оралиғида етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, газ баллонларни етказиб бериш учун исталган об-ҳаво шароитида ҳаракатлана оладиган йўлтанламас оғир юк машинаси ажратилган. Ҳар бир хонадонга газ баллонлари етказилгандан сўнг махсус тарозиларда эгаси иштирокида тортилиб, тарқатилади ва газ баллондан хавфсиз фойдаланиш тўғрисидаги йўриқнома билан таништирилади.
Мухтасар айтганда, олис ҳудудларда яратилаётган шароит ва тоғликларга эътибордан биз ҳам мамнун бўлиб қайтдик.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари