Бундан минг йил муқаддам, илм-фан ва маданият гуллаб-яшнаган заминимизда шундай бир воқеа юз берадики, унинг акс-садоси бугунги кунга қадар ҳар бир ўзбек хонадонида янграб туради. Машҳур таом номининг яралиши ҳақидаги бир қанча талқинлар ва таҳминларнинг бири сифатида бу шунчаки бир ривоят эмас, балки буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг нафақат тиббиёт, балки инсон руҳияти ва кундалик ҳаётнинг энг оддий жиҳатларигача нечоғли назар ташлаганининг ёрқин исботидир. Кўпчилик севиб истеъмол қиладиган паловнинг номи қаердан келиб чиққани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Айрим маълумотларга кўра, жавоб биз ўйлагандан-да ҳайратланарли. Буюк ҳакимнинг бир беморга қўйган ташхиси ва унинг натижаси ўзбек миллий таомининг номини абадийлаштиргани халқ тафаккурининг қизиқ саҳифаларидан биридир.
Ривоят қилинишича, Бухоро амирларидан бирининг ўғли – шаҳзода кутилмаганда сўлиб, озиб-тўзиб, иштаҳасидан бутунлай айрила бошлайди. У ҳеч кимга сирини очмай, кундан-кунга ҳолдан тояди. Саройнинг энг зўр табиблари уни даволашга ожизлик қилади. Шундагина сўнгги умид сифатида Шайх ур-раис – Ибн Синони ёрдамга чақиришади. Ҳаким шаҳзоданинг олдига келиб, унинг билагидан ушлаб, томири уришини кузата бошлайди. Файласуф олим Карим Маҳмудов ўзининг “Ўзбек палови” китобида келтирган бу тафсилотда айтилишича, Ибн Сино беморнинг дарди жисмоний эмаслигини дарҳол пайқайди. У томир уришини аниқлашнинг тенгсиз устаси эди. У асл сабабни аниқлаш учун ақлбовар қилмас усулни қўллайди: шаҳардаги барча маҳаллаларнинг номини яхши биладиган кишини олиб келишни буюради ва унинг ўзи беморнинг томирини ушлаб туради. Ҳар бир маҳалла номи айтилганда шаҳзоданинг юрак уришида ўзгариш сезилмайди. Аммо бир маҳалла номи тилга олинганда, унинг юрак уриши кескин тезлашади.
Ибн Сино энди ўша маҳалладаги барча хонадон соҳибларининг исмини биладиган бошқа бир кишини чақиртиради. Яна ўша жараён такрорланади: исмлар бирма-бир саналаётганда, бир ҳунарманднинг номи айтилиши билан шаҳзоданинг юраги янада кучлироқ ура бошлайди. Энди ҳаммаси аён эди. Учинчи “синов”да ўша ҳунарманднинг фарзандлари, яъни қизларининг исми тилга олинганида, шаҳзоданинг томир уриши шу қадар тезлашиб, бутун сир ошкор бўлади. У ҳунарманднинг қизига ошиқу беқарор бўлган экан. Буюк ҳаким дарднинг сабабини аниқлагач, унинг давосини ҳам тайин қилади. Бу даво ҳеч қандай гиёҳ ёки дори-дармон эмас, балки алоҳида бир таом эди. Ибн Сино шаҳзоданинг ота-онасига унинг куч-қувватини тиклаш учун ҳафтада бир марта “палов ош” пишириб беришни, сўнг эса тўй қилиб, икки ёшни унаштиришни тайинлайди.
Кўпчилик учун “палов” ва “ош” сўзлари маънодошдек туюлиши мумкин. Бироқ, ривоятга кўра, Ибн Сино бу сўзлар замирига бутун бошли кўрсатмани, даволаш фалсафасини жойлаган эди. “Палов-ош” атамаси аслида таом таркибига кирувчи еттита асосий маҳсулот номларининг бош ҳарфларидан олинган қисқартма – акронимдир. Карим Маҳмудов буни қуйидагича изоҳлайди: П (пиёз); А (аёз) – сабзи; Л (лаҳм) – гўшт; О (олио) – ёғ; В (вет) – туз; О (об) – сув ва ниҳоят Ш (шоли) – яъни гуруч. Буларнинг барчаси бирлашиб, “ПАЛОВ-ОШ” деган мўъжизавий номни ташкил этган. Бу шуни кўрсатадики, Ибн Сино нафақат касалликни аниқлаган, балки унинг давоси сифатида инсон танасини зарур бўлган барча моддалар – оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва минераллар билан таъминлайдиган мукаммал мувозанатлашган таомни тавсия қилган. Бу – оддий овқат эмас, балки танани тиклашга қаратилган тиббий формула эди.
Шу тариқа, ривоятга кўра, муҳаббат изтироби туфайли яратилган тиббий тавсия асрлар оша бутун миллатнинг севимли таомига айланди ва ҳатто ўзининг номида ҳам буюк ҳакимнинг даҳосини, унинг етти маҳсулотдан иборат шифобахш ифодасини сақлаб қолди. Бугунги кунда биз паловни шунчаки мазали таом сифатида биламиз, лекин унинг замирида инсон танаси ва руҳиятини бирдек даволашга қодир бўлган чуқур илмий асос яширин. Бу воқеа бизга овқатланиш маданиятимиз нақадар теран илдизларга эга эканини, ҳатто энг оддий кўринган таом номи ортида ҳам қизиқарли тарих ва тиббий ҳикмат яширин бўлиши мумкинлигини эслатиб туради.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА