
Айни вақтда Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида «Таълимда Финляндия тажрибасини жорий қилиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, тадбир Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Финляндия таълим вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган. Унда ОТБ томонидан танлаб олинган, Финляндия билан ҳамкорликда амалий натижаларга эришган Филиппин, Бангладеш, Непал ва Шри-Ланка билан биргаликда Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Давра суҳбатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Стратегик ривожлантириш ва халқаро рейтинглар бошқармаси бошлиғи Лазиз Хўжақулов Ўзбекистонда таълим ислоҳотларининг асосий йўналишлари, ҳамкорлик истиқболлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, давра суҳбатида иштирок этган Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илкка Ряйсянен Финляндия томонидан юртимизда таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида грант ажратилишини билдирди.
Ушбу грант ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, методик хизмат ва бошқарув учун йўналтирилиши режалаштирилмоқда.
ЎзА