
Ер умуммиллий бойлик ҳисобланиб, энг муҳим табиий ресурслардан биридир. Шу сабабли ердан оқилона фойдаланиш, унинг ҳар бир қаричини самарали ва белгиланган мақсадда ишлатиш зарур. Ерлардан самарали фойдаланиш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш Кадастр агентлигининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Навоий вилоятида ҳам ердан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Кадастр агентлиги Кармана тумани бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 82 та ҳолатда 2,07 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Бу бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига огоҳлантириш хати берилди.
– Аниқланган ҳолатлар юзасидан кўрилган чоралар натижасида 79 та ҳолатда 2,04 гектар ер майдонининг туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши таъминланди. 3 та ҳолатда эса 0,03 гектар бўш ер майдонини захирага қайтариш чораси кўрилмоқда, – дейди агентликнинг туман бўлими бошлиғи Нуриддин Ҳамзаев. – Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ердан ноқонуний фойдаланганлиги ва давлат рўйхатидан ўтмаганлиги учун 171 нафар жисмоний ва юридик шахсга 917,3 миллион сўм жарима қўлланилган.
Айни пайтда бўлим ўз олдига қўйган мақсад ва режалари асосида ноқонуний ер эгаллашнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан 43 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар тегишли тартибда ўрганилиб, қонуний ҳал этилмоқда
А.Бўриев, ЎзА мухбири