
Навоий шаҳар марказий шифохонасининг реанимация бўлимида ҳамшира бўлиб ишлаётган Марҳабо Исмоилова 2022 йилнинг апрель ойида бахтсиз ҳодиса туфайли оёғи синиб, вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолади. Орадан 6 ой ўтиб, ишга чиқади. Бироқ фуқарога касаллик даври учун 60 фоиз миқдорида “больничний” тўлаб беришади, холос.
Шунингдек, Марҳабо Исмоилова Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ҳам 0,5 ставкада ҳамшира бўлиб ишлаб келган. Иккинчи идора эса унга касаллик варақаси учун умуман ҳақ тўламаслигини билдирган. Чунки жуда кўпчилик давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳисоб-китоб бўлими мутахассислари вақтинчалик меҳнатга қобилиятсиз нафақаси асосий иш жойидан тўланиши лозим, деб ҳисоблайди. Аслида эса бундай эмас.
Меҳнат муносабатларидаги муаммолар, айнан касаллик варақаларига тўланадиган нафақалардаги тўловлар камлиги юзасидан фуқаро Навоий шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1136-сон билан рўйхатга олинган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” ги низомга кўра иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши шарт.
Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган маълумотга кўра, Марҳабо Исмоилова 22 йилдан ортиқ даврдаги иш стажига эга. Адлия бўлими мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки идора мутасаддилари ходимига нисбатан меҳнат муносабатларида йўл қўйилган қонун бузилишлар юзасидан тақдимнома киритди.
Натижада Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамшира М.Исмоиловага 2 миллион 635 минг сўм, Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси эса 6 миллион 297 минг сўм миқдорида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик учун “больничний” пулларини тўлаб берди. Фуқаро Марҳабо Исмоилова Навоий шаҳар адлия бўлимига қилган биргина мурожаати орқали ҳам меҳнат муносабатларида бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклади, ҳам икки идорадан қарийб 9 миллион сўм атрофида пул маблағини ўзига қайтарди.
Хулоса ўрнида айтиш муҳим, иссиқ жоннинг иситмаси бўлганидек, билингки, агар сиз асосий иш ўрнингиздан ташқари яна бошқа бирор корхона ёки муассасада ишлаётган вақтингиз “больничний”да бўлсангиз, ҳар икки идорадан сизга касаллик варақаси учун нафақа тўланади.
Азамат Холмўминов,
Навоий шаҳар адлия бўлими бошлиғи
ЎзА