English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунё опера юлдузлари Тошкентда тўпланди
15:03 / 2023-04-27

"Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида машҳур опера юлдузи Пласидо Доминго ва бир қатор опера хонандалари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда халқаро маданий-маърифий алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса турли ижодий лойиҳаларга кенг йўл очмоқда.  

Машҳур хонанданинг Марказий Осиёдаги ижодий сафари доирасида бўлиб ўтган ушбу концерт опера мухлислари учун ўзига хос туҳфа бўлди.  

Маълумотларга кўра, испан опера хонандаси ва дирижёри Пласидо Доминго 1941 йилнинг 21 январида Испаниянинг Мадрид шаҳрида туғилган.  

Эллик йилдан ортиқроқ вақт давомидаги ўз ижодий карьераси мобайнида Пласидо Доминго дунёнинг кўплаб давлатлари саҳналарида 150 дан ортиқ опера партиясини ижро этган. Дирижёрлик пультида 300 дан ортиқ концертларни ўтказган.  

Жами эса Пласидо Доминго тўрт мингга яқин турли мусиқий дастурларда муваффақиятли иштирок этган. Хонанда Нью-Йоркдаги Метрополитен Опера труппасининг ижодий мавсумини 21 мартадан кўпроқ очиб берган.  

Табаррук ёшда бўлса-да, унинг овози ҳамон ўктам, жозибали. Маэстронинг ижоддан, куйлашдан тўхтамаслиги диққатга сазовор. Бетакрор овоз соҳиби ижодида турли концертлар, опера спектаклларининг намойиши, яккахон ва жўрликдаги ижро ёзувлари алоҳида ўрин тутади. Ҳозирда 82 ёшни қаршилаган Пласидо Доминго ҳамон ноёб овози билан мухлисларини қувонтириб келмоқда.  

Унинг ижросидаги мусиқий альбомлар миллиондан ортиқ тиражда сотилиб, "олтин" ва "платина" мақомига эришган. Шунданми Пласидо Доминго  машҳур  "Grammy" мукофотига 11 марта сазовор  бўлган. Доминго опера санъатига доир кўплаб видеолар яратган. Шу билан билан бирга "Травиата", "Отелло", "Тоска", "Кармен" каби машҳур опера фильмларнинг ҳаммуаллифидир. Пласидо Доминго 2000 йилдан буён АҚШнинг машҳур Los Angeles Opera етакчи театрининг директори саналади.  

Пойтахтимизда бўлиб ўтган концерт дастурида Доминго билан бирга   испаниялик опера маликаси Марина Монзо, биллурдек жарангдор овоз соҳиби, итальян опера хонандаси Алессандро Сафина, ҳамюртимиз, Самарқандда туғилиб, вояга етган, бугунги кунда Россия давлат академик катта театрида ижодий изланаётган Бекзод Давронов ижросидаги опера қўшиқлари ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Мусиқий дастурда жаҳон композиторларининг энг сара асарлари мухлисларга тақдим этилди.  

Назокат Усмонова, ЎзА