
Ўқитувчилар ассоциацияси томонидан Референдум олди янги таҳрирдаги Конституциядаги ўзгаришларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Унда Тошкент шаҳридаги 350 нафар мактаб директори, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалар иштирок этди.

Тадбир доирасида иштирокчилар сўзга чиқиб, бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, истиқболдаги режалар ҳамда янги таҳрирдаги Конституциядаги ўзгаришлар лойиҳаси ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, юртимиз тараққиёти ва эртанги истиқболи, халқимиз турмуш даражасини ошириш ва фаравонлигини таъминлашга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилувчи Бош қомусимиздаги ўзгартиришлар юртдошларимиз билан бамаслаҳат амалга оширилди.
Унда таълим соҳаси, хусусан, фуқароларнинг мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таҳсил олиши, ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир қатор муҳим ҳуқуқий асослар келтириб ўтилган.
Айниқса, лойиҳа матнидаги мактаб ва мактабгача таълим соҳасига оид 50- ва 52-моддаларга киритилаётган ўзгартиришлар муҳим ва долзарбдир.

Жумладан, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар инклюзив таълим ва тарбия билан таъминланиши, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши каби долзарб жиҳатлар тилга олинган.
Тадбирда Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, бугунги таълим сифатини юксалтириш борасидаги ислоҳотлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА