Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ёшларда ватанга дахлдорлик туйғусини шакллантириш, меҳр-оқибат, бугунги кундан шукроналик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини уйғотиш мақсадида “Тинчлик – бебаҳо неъмат” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Институтнинг Ижтимоий фанлар кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда юртимиздаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талаба- ёшлар иштирок этди.
Маълумки, инсоният учун тинчлик-осойишталикдан кўра азизроқ неъмат йўқ. Бугунги глобаллашув замонида, тезкор даврда халқаро майдонда юз бераётган воқеаларни кузатиб буни чуқурроқ англаш мумкин.
Самимий мулоқот руҳида кечган тадбирда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети профессори Қиёмиддин Назаров “Мафкуравий омилларнинг Ўзбекистон ёшлари замонавий тафаккури шаклланишига таъсири”, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Бекдавлат Aлиев “Жамият тараққиётида юмшоқ ва қаттиқ кучларнинг ўрни”, ҚарДУ профессори Гулшода Бекмуродова “Ҳозирги замоннинг глобал тенденциялари”, ҚарДУ доценти Тоир Қурбонов “Тинчлик, адолат ва самарали бошқарув” мавзуларида маърузалар ўқишди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар айни пайтда дунёда кечаётган сиёсий жараёнлар, ҳарбий ҳаракатлар, Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси, ички ва ташқи сиёсатининг моҳияти ҳақида фикр билдирди. Тинчликни кўз қорачиғидек асраш, уни қадрлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ў.Aлимов,
ЎзA мухбири