
Сурхондарё вилоятидаги Термиз тумани пахтакорлари ҳам жорий йилги шартномавий режани ортиғи билан бажариб, қабул пунктларига 7 минг 416 тонна хомашё топширди.
Мавсумда тумандаги 70 та фермер хўжалиги миришкорлари икки минг гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос ва эртапишар ғўза навларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ташкил этиб, қисқа кунларда режани 100,2 фоизга бажарди. Ўртача ҳосилдорлик 35,8 центнерни ташкил этди.


Туман пахтакорларининг бу йилги зафарига "Қорахон пахтакори", "Шуҳрат Термизий", “Озод Сурхон”, “Жаҳонгир Баҳористон”, “Бек Нурафшон дала” ва "Анвар Дўстлик" каби ўнлаб тажрибали фермер хўжаликлари деҳқонлари катта ҳисса қўшди. Бундай илғор хўжаликларда ўртача ҳосилдорлик ҳар гектаридан 40-45 центнерга етказилди.


Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов тумандаги “Термиз пахтакори” фермер хўжалиги даласида бўлиб, пахтакорлар билан учрашди. Туман аҳлини пахта топшириш шартномавий режасини муддатидан илгари бажаргани билан табриклади. Бир гуруҳ илғор теримчиларга замонавий маиший техника ва бошқа совғалар берилди.
Далаларда ҳосил чўғи мўл. Йиғим–терим уюшқоқлик билан давом этмоқда.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири