
Қўқон давлат педагогика институтининг талабалар ётоқхонасида жорий йилнинг апрель ойида содир бўлган ҳолат юзасидан Фарғона вилояти суди расмий ахборот берди.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 5 майдаги қарорига кўра, Қўқон давлат педагогика институтининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида яъни, 4 миллион 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Институтнинг таълим технологиялари маркази ходимлари А.М, Б.О. ва бўлим бошлиғи Р.М. ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида яъни, 3 миллион сўмдан жарима жазоси тайинланган.
Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинган.
Маълумот ўрнида, ижтимоий тармоқларда Қўқон давлат педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани аниқлангани бўйича хабарлар тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бевосита жараёнда иштирок этиб, хизмат вазифасини суиистеъмол қилган 4 нафар масъул ходим, жумладан, воқеада бевосита иштирок этган проректор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва бир нафар мутахассисга интизомий жазо чораси қўлланилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилган.
ЎзА