
Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Мен лолалар ундирдим сўздан!” номли маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, жамоатчилик вакиллари, шоирнинг мухлислари иштирок этди.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков сўз олиб, Абдулла Шерни қутлуғ 80 ёши билан табриклади. Маълумки, Абдулла Шер (Шеров Абдулла) 1943 йил 5 август куни Чиноз туманида туғилган. 1970 йилда ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факултетини тамомлаган. Унинг илк шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” номи билан 1973 йилда нашр этилган. Шундан кейин шоирнинг “Алёр”, “Атиргул сояси”, “Роз”, “Куз ҳилоли”, “Қадимги куй”, “Нуқтадан сўнг”, “ Тоқат” каби шеърий тўпламлари ўқувчилар қўлига етиб борган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ботир Эргашев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, Чирчиқ давлат педагогика университети проректори Баҳодир Ҳусанов, таниқли журналист Ирисмат Абдухолиқов ва бошқалар шоирнинг ҳам ижодий, ҳам таржимонлик фаолияти ҳақида сўзлади.

Тадбирда куй-қўшиқлар янграб, адабий кечага файз бағишлади.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири.