
Яқин йилларда бутун дунё, жумладан, Марказий Осиё ҳам курашиши керак бўлган жиддий муаммолар бор. У ҳам бўлса иқлим ўзгариши ва унинг натижасида келиб чиқадиган сув тақчиллигидир. Орол денгизининг қуришидек катта фожиани бошидан кечирган миллат сифатида бунга жиддийроқ қарайдиган вақт аллақачон келган.
Минтақада юзага келадиган вазият ва унга ечимлар, иқлим инқирозида инсоният нималарга тайёр туриши кераклиги ва Сибирь дарёларини Марказий Осиёга буриш қанчалик муҳимлиги ҳақида мутахассислар сиёсий шарҳловчи ва журналист Ирисмат Абдухолиқов, иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ва профессор Абдулҳаким Салоҳиддинов билан мавзуга эътибор қаратишга ҳаракат қилдик.
– Марказий Осиёда умумий вазият қандай?
– “Тоғларимизда музликлар бор, охирги пайтда сув тақчиллигидаги муаммолар тақсимлашда, сиёсий масалаларда, ҳозир бизга кириб келадиган дарёларнинг ҳаммаси сув омборлари билан бўғилган. Бизга айнан сув керак бўладиган вақтда сув билан тўлдиришмоқда. Ундан ташқари сувни тежамасдан ишлатилса, вазият оғирлашади. Чанг, бўрон, сув етишмовчилиги туфайли одамларнинг кўчиши, ижтимоий - иқтисодий муаммоларнинг юзага келишига гувоҳи бўлишимиз мумкин”, - дейди иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
– Қўштепа каналининг қурилиши ва ундан фойдаланиш сувга эҳтиёжни қай даражада ошириб юбориши мумкин?
– Ўтган йили Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ўртасидаги шартномада Амударё сувининг 23 куб.км. фойдаланишга келишганмиз. 22 куб.км. Туркманистон, 8 куб.км. атрофида Тожикистон фойдаланади, бу рўйхатда Афғонистон йўқ эди. Бундан олдинги йил 18 куб.км. ишлатганмиз, 22 куб.км. Туркманистонга, 6 – 7 куб.км эса Тожикистонга ажратилган. Энди хоҳлаймизми, йўқми бу рақамларга Афғонистон ҳам қўшилади. Бу Бухоро, Навоий, Хоразм, Қорақалпоқ ҳудудларида сув етишмовчилигини кучайтиради – Эркин Абдулаҳатов.
Иқлимшунос, шунингдек, агар сувдан унумли фойдаланилмаса, экинларни суғориш тезлашиши, инсоният экинларга ҳар куни сув беришга тўғри келадиган даврлар ҳам бўлишини айтди. Бу эса кўпроқ сувни талаб қилади.
– Сибирь дарёларини Қозоғистон ва Марказий Осиё томон буриш лойиҳаси яқинда Қозоғистон парламентида ҳам кўтарилди. Агар бу амалга ошадиган бўлса, жараён қай тартибда бўлиши ва қандай шартлар қўйилиши мумкин?
– Биз катта миқдорда хўл мева ишлаб чиқарамиз. Шу ерда бир нарсага эътибор бериш керакки, биз уларга ширин маҳсулотларни етказиб берамиз, улар ҳам Шимолий Муз Океанига оқиб ётган катта дарёлар кўтарилган вақтида Обь, Иртиш дарёларининг 5 фоизини ташлайдиган (Марказий Осиёга) бўлса биз бўш ётган ерлардан фойдаланишимиз мумкин. Хорижга иш қидириб кетган ёшларимиз ота – оналарига, ватанига қайтиши, янги ерларда ишлаши ва даромад кўриши мумкин. Шундай катта имкониятлар Янги Ўзбекистоннинг олдида турибди. Буни давлатлар келишиб мурожаат йўллаб келишиши керакки, Ўзбекистондан ташқаридаги маълум сув манбаларидан фойдаланиш керак, шартномалар тузиши керак. Биз қўпроқ ўтмишимизни ва бугунги кунимизни мақтаймиз, бу яхши ниятда қилинадиган ишлар лекин олдимизда катта муаммолар турибди - Ирисмат Абдухолиқов.
Бугун Марказий Осиёнинг энг йирик Аму ва Сир дарёларидан беш мамлакатнинг 60 миллион аҳолиси сув ичади. Қўштепа канали қурилиши билан бу рақам 100 миллионга чиқади. Таҳминий ҳисоб – китобларга кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиё аҳолисининг ўзи 100 миллионга кўпайиши мумкин. Таҳлилчиларга кўра, иқлим ўзгариши туфайли бугун Ўзбекистон 15 фоиз сувдан маҳрум бўлмоқда, Қўштепа канал қурилиши ортидан яна 10, 15 фоиз сув йўқотилиши айтилмоқда.
– Ўзбекистонда сув билан боғлиқ умумий вазият қандай?
– Сув билан умумий таъминланганлик масаласида ҳар қандай давлатни, жумладан, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётида ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон йирик дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган. Иқтисодиёти, аҳолиси, сувга бўлган талаби ҳам тез ўсаётган давлат. Сув ресурсларимиз эса чекланган. Ўзбекистонга кириб келаётган сувнинг 80 фоизи қўшни давлатлардан келади. Яна бир муаммо шуки, сув ресурслари ўзи кўпаймайди. Бор сувлар доирасида юқори самара билан фойдаланмасак имкониятимизни йўқотган бўламиз – Абдулҳаким Салоҳиддинов.
Профессор Абдулҳаким Салоҳиддинов одатда экинни эмас, ерни суғоришимизга эътибор қаратаркан, кўп сув талаб қиладиган пахта ва бошқа ўсимликлар охирги вақтда қисқараётганини қўшимча қилди.
Олдимизда турган глобал сув тақчиллигида фақатгина сувни тежаб вазиятни юмшатишимиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-FqxXSh9dF4" title="Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш ва сув ҳавотирлари" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов (видео), ЎзА