
Шу йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ушбу сиёсий тадбирга Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календарь режа асосида пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда сайлов участкалари муҳим ўрин тутади. Хўш, қонунчилигимизда сайлов участкаларини тузиш тартиблари қандай, улар қаерларда тузилиши мумкин? Бу борада Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддасида белгилаб қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади. Сайлов участкаларининг чегаралари бошқа сайлов округларининг чегараларини кесиб ўтмаслиги керак. Қонунчилигимизга кўра, сайлов участкалари санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилиши мумкин. Шунингдек, ҳарбий қисмларда ҳам участкалар тузилади.

Бу участкалар улар жойлашган ердаги сайлов округларига киради. Хориждаги фуқароларимизнинг сайловда иштирокини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Иш, ўқиш, малака ошириш, хизмат сафари ва бошқа сабаблар билан хорижий давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ҳам сайлов участкалари ташкил этилади. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тузиладиган участкаларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йил муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича 39 та чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналаримиз ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузиладиган бўлди. Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида етти кун қолганида тузилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА