
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳар ойда ишбилармонлик муҳити, хизматлар ва тадбиркорлик фаоллигини ўрганиш натижалари бўйича бир қатор ахборот-таҳлилий материалларни нашр этади.
Сўровлар ва ҳудудлар фаолиятини мониторинг қилиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар ҳолатини қисқа муддатли сифатли баҳолаш амалга оширилади. 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар вақти-вақти билан Trading Economics ахборот порталида эълон қилинади.
Марказ томонидан октябрь ойида корхоналар ўртасида ўтказилган кенг кўламли сўровлар асосида ҳисобланган ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи ўтган ойдаги кўрсаткичларга нисбатан ўсишни кўрсатди. Август ойида йиғма индикатор кўрсаткичи бирданига 10 пунктга пасайган бўлса, сентябрь ойида эса пасайиш суръати камайган, октябрь ойида босқичма-босқич пасайиш тенденцияси тўхтади.

Бир ой давомида ишбилармонлик муҳитининг умумий йиғма кўрсаткичи 4 пунктга ошди ва 57 пунктни ташкил этди. Бу ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолайди. Йиғма кўрсаткичнинг ўсишига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари динамикасининг 14 пунктга ўсиши, қурилиш соҳасида 7 пунктга ва хизмат кўрсатиш соҳасида 3 пунктга ўсиши сезиларли таъсир кўрсатди.
Шу билан бирга саноат соҳасидаги ишбилармонлик муҳитининг кўрсаткичи сентябрь ойида 13 пунктга ошганидан кейин сезиларли даражада 7 пунктга пасайди.
Бир ойда бизнес жорий ҳолати баҳоларига 3 пункт қўшилиб, 49 пунктгача ошди. Бу эса қишлоқ хўжалигидаги шароитларнинг бирданига 26 пунктдан 51 пунктгача сезиларли даражада яхшилангани билан изоҳланади.
Ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини “яхши” деб қайд этган респондентларнинг улуши 47 фоизни, “ёмон” деб қайд этганларнинг улуши 9 фоизни ташкил этди. Корхоналарнинг 22 фоизи ходимлари сонини кўпайтирди, 49 фоизи эса ўз товарлари, хизматларига талабнинг ўсишини қайд этди.
Бизнесни ривожлантиришнинг ижобий характерига ва нарх кутилмаларининг бироз пасайишига қарамасдан, респондентларнинг тўртдан бир қисми нархларнинг ошишини кутмоқда.
Келгуси 3 ойда ривожланиш истиқболлари бўйича бизнес кутилмаларини баҳолаш 4 пунктга кўтарилиб, 65 пунктга етди. Бу асосан қурилиш соҳасидаги тадбиркорларнинг ижобий баҳолари билан боғлиқ бўлиб, бунда ой давомида оптимизм 25 пунктга ошиб, 59 пунктга етди ва хизмат кўрсатиш соҳасида кутилмаларнинг ўсиши 10 пунктга ошиб, 66 пунктга етди.
Шунингдек, келгуси 3 ой ичида ўз товарлари, хизматлари нархларининг ошиши бўйича бизнес тахминлари 1 фоизга камайгани аниқланди.
Талаб ва бандлик бўйича тахминларни баҳолашдаги мувозанат бироз пасайишни кўрсатди.
Кейинги 3 ой ичида бизнеснинг умумий ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорларнинг улуши юқори даражада қолмоқда ва 67 фоизни ташкил қилади. 49 фоизи товарлар ва хизматларга талабнинг янада ошишини кутмоқда ва 22 фоизи ходимлар сонини оширишни режалаштирмоқда.
Умуман олганда, жорий ҳолат кўрсаткичлари ва кутилаётган тахминлар ўртасидаги боғлиқлик иқтисодий ривожланишнинг ижобий тенденцияси кейинги 3 ойда ҳам давом этишини англатади.
Бизнес шароитлари баҳолаш омиллари – молиялаштириш, ер участкалари, электр таъминоти, солиқ юки салбий бўлиб қолди.
Октябрь ойида тўсиқларга дуч келган тадбиркорларнинг улуши 4 фоиз пунктга камайди ва 44 фоизни ташкил этди. Тадбиркорлар энг долзарб муаммолар сифатида молиялаштириш ва ер олишдаги қийинчиликлар, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар, электр таъминоти ва солиқ ставкаларининг юқорилигини кўрсатмоқда.
Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 8 фоизга, қурилиш соҳасида эса 15 фоизга молиялаштириш билан боғлиқ тўсиқлар камайган бўлса, қишлоқ хўжалиги вакилларидан келиб тушган мурожаатлар сони, аксинча, 4 фоизга ошган.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА