21 октябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борган ялпи мажлис юқори палатанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Дастлаб сенаторлар мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотларнинг ҳолати ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 29 майдаги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига берилган жавобда кўтарилган масалалар ечимига қаратилган муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, кўприк ва йўл ўтказгичлар техник ҳолатини яхшилашга қаратилган ҳукумат қарори, Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси тайёрланган.

Шунингдек, тегишли ҳужжат асосида “Ўзйўлинспекцияси”га тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл-қурилиш ишлари олиб борилаётган объектларда сифат назоратини оператив ўтказиш ҳамда содир этилаётган қоидабузарликларни ўз вақтида аниқлаш ваколати берилган.

Бироқ парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар юзасидан асосли жавоблар тақдим этилмаган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 1 ноябрдаги 226-сонли қарорига илова қилинган “Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифи”да автомобиль йўлини жорий таъмирлаш ишлари бажарилганидан сўнг унинг хизмат қилиш муддатига нисбатан талаб белгиланмагани ва бу ҳол жиддий муаммоларга сабаб бўлаётгани эътиборсиз қолдирилган.

Жавобни муҳокама қилиш жараёнида мазкур сўровда кўтарилмаган бошқа долзарб масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар етарли даражада молиялаштирилмаяпти.

Мажлисда парламент сўровида келтирилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилди.

Сенаторлар парламент сўровига ҳукумат томонидан берилган жавобда муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этди.

Хусусан, қон қуйиш муассасаларида гемаконлар, қон сақлаш ва транспортировка анжомлари билан таъминлаш учун сўнгги беш йилда 15 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Донорлар ва қон захираси ҳақидаги маълумотлар алмашинувини рақамлаштириш мақсадида қон хизмати автоматлашган ахборот тизими яратилган.

Қон компонентларини тайёрловчи асбоб-ускуналарни мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб, уларни таъмирловчи мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, мажлисда парламент сўровида кўрсатилган айрим масалалар юзасидан жавоб етарли даражада акс этмагани маълум қилинди.

Жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини тартибга солувчи қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўшлиқлар мавжуд ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилмаган.

Ихтисослашган муассасалар моддий-техника таъминоти ва модернизациялаш, хусусан, ПЗР аппаратлари, гемоцитоферез, плазмаферез, иммуногематологик анализатор ва ИФА-анализатор ҳамда бошқа ускуналар билан жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган.

Муҳокама жараёнида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган чора-тадбирлар парламент доимий назоратида бўлиши қайд этилди.

Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан илгари юборилган парламент сўровига Вазирлар Маҳкамасининг жавобини кўриб чиқдилар.

Мажлисда ҳукуматнинг парламент сўровига жавоби батафсил муҳокама этилди. Жумладан, сенаторлар Ўзбекистонда туризм соҳасини тиклаш, хорижий туристларнинг маҳаллий туристлар билан алмаштирилишини таъминлаш мақсадида солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш, шунингдек, туризм соҳаси учун субсидиялар, ссудалар, грантлар шаклидаги молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида таъкидладилар.

Қайд этилганидек, 23 та туристик ташкилотга 289,2 миллион сўм, барпо этилаётган уч юлдузли 3 та меҳмонхонага 1,2 миллиард сўм субсидия, шунингдек, 37 та туроператорга 370 миллион сўм ва 11 нафар таржимон-гидларга 55 миллион сўм миқдорида грантлар ажратилган. Бундан ташқари, 50 та туроператорга 1,6 миллиард сўм ва 191 та жойлаштириш воситаларига 14,5 миллиард сўм миқдорида фоизсиз ссудалар ажратилди.

Мамлакатдаги бир қатор аэропортларда “очиқ осмон” режимини ўрнатиш, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш чоралари кўрилди. Туристлар учун “Uzbekistan/Safe travel GUARАNTEED” санитария-эпидемиология хавфсизлиги тизими жорий этилди, илк бор “Fast Track” хизмати йўлга қўйилди.

Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида янги авиа ва темир йўл рейсларини йўлга қўйиш чоралари кўрилди. Айрим умумхалқ байрамларини нишонлаш даврида камида уч кунлик дам олиш кунлари беришни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам борлигини, уларнинг бартараф этилиши эса мамлакатда туризмни тиклаш ва ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидладилар.

Хусусан, туризм соҳасида транспорт логистикасини ривожлантириш ва энг аввало, қўшни мамлакатлардан сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ер ажратишни соддалаштириш, туристик хизматлар сифатини ошириш, янги, истиқболли бозорлар топиш мақсадида маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриш зарур.

Бундан ташқари, хорижий сайёҳлар учун авиачипталар нархини камайтириш масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда, бундай чипталар муқобил йўналишларга нисбатан ўртача 30-50 фоизга қиммат туради.

Фаол муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш устидан қатъий парламент назорати ўрнатилиши белгиланди.

Шундан кейин сенаторлар иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласини муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, бугунги кунда республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жадаллашуви, саноатнинг тезкор ривожланиши, аҳоли сонининг кўпайиши энергияга бўлган талабнинг кескин ошиши ва у 2030 йилга бориб қарийб 2 баробарга ортиши кутилмоқда.

Мажлисда ривожланган давлатларда қайта тикланувчи манбалардан олиниб, ишлаб чиқарилаётган энергия умумий ҳажмининг 30-40 фоизига тўғри келаётган бўлса, республикада ушбу кўрсаткич (қуёш ва шамол энергияси бўйича) атиги 1 фоизни ташкил этаётгани таъкидланди.

"Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, соҳадаги давлат бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилиши қайд этилди.

Шунингдек, энергияга бўлган талабни қондириш мақсадида амалдаги қонунчилик ҳужжатларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологиялар, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг энергия жиҳатидан самарадорлигини ошириш, улар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, энергия ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикасидаги истеъмолчиларнинг истеъмол қуввати 350 МВтни ташкил этиб, Тахиатош иссиқлик электр станцияси, Туямўйин гидроэлектр станцияси ва Устюрт газ-кимё комплекси томонидан ишлаб чиқиладиган электр энергияси билан таъминланади.

Хусусан, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига электр энергияси истеъмолчилари сони 2017 йилга нисбатан 14,5 фоизга ошган, 2030 йилда эса бугунги кундагига нисбатан 2 баробарга ошиши кутилмоқда.

Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикасида бу борада қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилда Саудия Арабистоннинг “Acwa Power” корхонаси томонидан Қораўзак туманида 100 МВт шамол электр станцияси ишга туширилиши, жорий йилда Қўнғирот туманида қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станцияси қурилиши тендерга қўйилиши ҳамда 2030 йилга бориб Қорақалпоғистонда қуввати 1800 МВт станция қурилиши белгиланган.

Мажлисда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ишлаб чиқилиши тўлиқ йўлга қўйилмагани, бу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб этиш ишлари суст экани, қурилмаларнинг ягона электр энергетика тизимига уланишдаги мавжуд муаммолар сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли турар жойлари, шунингдек, марказлаштирилган энергия таъминоти тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудлардаги аҳолини арзон ва қулай электр энергияси билан таъминлаш муаммо бўлиб қолаётгани таъкидланди.

Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор нормалар мавжудлиги, хусусан, унда назарда тутилаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари амалдаги бошқа қонунларда белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига номувофиқлиги қайд этилди.

Масалан, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгиланган. Бироқ ундаги ушбу тоифалар “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунда кўрсатилмаган.

Хусусан, қонунда ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек, кўп болали оилалар ота-оналари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар, пенсияолди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар ва одам савдосидан жабрланганлар ўз аксини топмаган.

Қонуннинг 12-моддасида тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг солиқ ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланиши, 17-моддасида олинган фойданинг камида учдан икки қисми ушбу қисмда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлиги ижтимоий корхонанинг солиқ ҳисоботларига асосан аниқланиши назарда тутилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 24 февралда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан солиқ ва бошқа ҳисоботлар шакллари тасдиқланган бўлиб, улар орқали тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши ҳамда олинган фойданинг камида учдан икки қисми белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлигини аниқлашнинг имкони мавжуд эмас.

Бу эса келгусида амалиётда солиқ органлари томонидан ҳисоботларни қабул қилиш, ижтимоий корхоналар реестрига киритиш ёки реестрдан чиқаришда турли хил муаммолар ҳамда номувофиқликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, қонуннинг 15-моддасида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар иш ҳақи миқдорини қонунчиликка кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, иш берувчи сифатида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда техника хавфсизлиги, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги қонунчилик ҳамда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш ижтимоий корхоналар мажбуриятлари сифатида келтирилган.

Худди шу нормалар “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида, қолаверса, Меҳнат кодекси ва бошқа амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган.

Шу муносабат билан амалдаги қонунларда мавжуд нормаларни такроран белгилаш қанчалик тўғрилигини ўрганиб чиқиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш талаб этилади.

Қонуннинг 17-моддасида солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши, давлат кўчмас мулк объектларини қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли асосда ижарага бериш, соддалаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари, бепул реклама қилиш учун эфир вақти, нашр ёки реклама майдони ажратиш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ижтимоий товарларни реализация қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқа имтиёз ва преференциялар берилиши, 18-моддасида Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий лойиҳаларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилмайдиган асосда субсидиялаш амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу имтиёз ва преференцияларни белгиловчи нормалар товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳитига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб, ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни алоҳида қонун шаклида эмас, балки ишлаб чиқиладиган Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида кўзда тутиш масаласини ўрганиб чиқиш айни муддаодир.

Қонун аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини иш ўринлари, ижтимоий товарлар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга қарши курашиш, оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишни назарда тутганлигини инобатга олиб, уни чуқурроқ қайта таҳлил қилиш, соҳадаги илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш лозим деб топилди.

Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.

“Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, қонун билан амалдаги Божхона кодексининг 81 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, 70 та моддага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 10 та янги модда билан тўлдирилмоқда ва 1 та модда чиқариб ташланмоқда.

Таклиф этилаётган асосий ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагилардан иборат:

Божхона назоратини соддалаштириш йўналишида божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилмоқда. Товар ва транспорт воситаларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинмоқда. Шунингдек, қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган товарлар чиқиш нормасини ваколатли шахслар томонидан белгилашнинг ҳуқуқий асоси белгиланмоқда.

Божхона тўловлари тўланишини соддалаштириш йўналишида эса мамлакатимизга олиб киришда солиқ солишдан озод этиладиган товарлар рўйхати мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Божхона кодекси янги моддалар билан тўлдирилмоқда. Хусусан, божхона ва тадбиркорлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича янги тизим киритилмоқда.

Қайд этиш лозимки, Божхона органларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ 2019 йилда 15 та ва 2020 йилда 29 та низоли ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлиб, бу тадбиркорларнинг турли суд инстанцияларидаги оворагарчилигига сабаб бўлган.

Таклиф этилаётган янги тизим ёрдамида мавжуд низоларни дастлаб божхона органларида ҳал этиш ва бу орқали судда кўрилаётган низоларни ўртача икки баробарга қисқартиришга эришилади.

Қонуннинг қабул қилиниши божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши ҳамда Божхона кодексида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 3 та моддадан иборат.

Қонун билан Президентнинг фарқловчи белгилари, яъни ўз белгиси ва штандарти (байроғи)ни жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатда белги ва штандарт (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши назарда тутилган.

Давлат раҳбарининг фарқловчи белгиларини жорий қилган хорижий мамлакатларда давлат раҳбарининг белгиси ва штандарти янги сайланган Президентга қасамёд қабул қилгандан кейин инаугурация пайтида топширилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу масалалар тартибга солинмагани боис, қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Сенаторлар қонунни маъқуллади.

Шундан кейин “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Маълумки, республикамизда амалга оширилаётган янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини изчил давом эттириш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш мақсадида Президентнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган. Ўз навбатида, бу борада давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилган. Уларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш эса қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб қилмоқда.

Шу мақсадда 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат мақсадли жамғармалари ҳамда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича ўзгартиш киритилмоқда.

Хусусан, инвестиция дастурларига 6 триллион сўм, айрим муассасаларга киритилган қўшимча штат бирликларини молиялаштириш учун 1,4 триллион сўм.

Шунингдек, жорий йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун режалаштирилган 3 триллион сўм маблағ тўлиқ ишлатилганлиги туфайли қўшимча маблағ захирасини яратишга 1,3 триллион сўм ажратилади.

Қонунда давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар бериш ҳамда болалар қамрови ортганлиги сабабли 1,1 триллион сўм қўшимча субсидия ажратиш, қолаверса, “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришга 1,3 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, қонун билан ушбу қўшимча харажатларни қоплаш манбалари ҳам белгилаб берилмоқда.

Амалга оширилиши режалаштирилаётган ана шу тадбирларнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари тақчиллигининг тасдиқланган миқдори доирасида бўлиши ҳам назарда тутилган.

Ушбу қонун ҳам маъқулланди.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кенг муҳокама қилинди.

Қонун билан республикада гўшт маҳсулотлари ва асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Солиқ кодексига қўшимча киритилмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексининг 483-моддасига 2021 йил 10 октябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, шунингдек, уларни реализация қилишда айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритилмоқда.

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва даромадларни оширишга хизмат қилиши ҳисобга олиниб, қонун маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар эътиборига ҳавола этилди.

Мазкур қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилмоқда. Сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолияти ўз аъзоларининг ҳар йиллик аъзолик бадали, шартнома асосида сувни етказиш ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, фойдаланувчилар мажбуриятлари қаторига рақамли технологияларни жорий қилиш шартлиги киритилмоқда.

Шу билан бирга, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналари режимини бузиш тақиқланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга доир ҳар бир лойиҳага давлат бюджетидан ажратилган субсидиялардан камида беш йил самарали фойдаланиш, шунингдек, сувни тежаш имконини берадиган агротехника тадбирларини амалга ошириш шартлиги киритилмоқда.

Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза қилиш, олдини олиш ва уни бартараф этиш тадбирлари давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар балансидаги объектларда тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан, сув истеъмолчилари балансидаги объектларда эса ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ва сувдан оқилона фойдаланилиши, сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича ваколатлари кенгайиши, кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилиши ҳамда молиявий ҳолатини яхшилашга, сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шерикчилик тамойилларини жорий қилиш ва давлат бюджети харажатларини камайтиришга ва бошқа натижаларга эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Наркологик касалликларга чалинган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.

Қонун тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилгандан сўнг сенаторлар ҳужжатни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур, деган хулосага келди.

Гап шундаки, қонунда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонунга киритилаётган янги “ғайриихтиёрий даволаш” тўғрисидаги норманинг мазмун-моҳияти очиб берилмаган ҳамда мажбурий даволаш тушунчаси билан ўртасидаги фарқли жиҳатлари ёритилмай қолган.

Шунингдек, психоактив моддалар таъсирида мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун мажбурий ва ғайриихтиёрий тарзда даволаш учун алоҳида асослар ва механизмларни ишлаб чиқиш лозим деб топилди.

Бундан ташқари, шахсни ғайриихтиёрий тартибда наркология муассасасига ётқизиш учун судга ариза бериш тартибида ҳам камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, ариза билан судга мурожаат қилинганда давлат божининг тўланиши ёки ундан озод қилиниши, умуман олганда давлат божи ким томонидан тўланишига аниқлик киритилмаган.

Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг аҳамияти эътиборга олиниб, сенаторлар қонунни қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, такомилига етказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладилар ва қонун рад этилди.

Ялпи мажлисда сенаторлар “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни ҳам кўриб чиқдилар.

Мажлисда Учинчи ренессанс пойдевори қўйилаётган мамлакатимиздаги аввалги икки уйғониш даври ҳақида маълумотларга эга бўлиш учун ҳам фарзандларимиз, ёшлар, барча аҳолининг музейларга мунтазам боришини йўлга қўйиш ҳамда музейларимиз фондини бойитиб, моддий-техника базасини изчил яхшилаб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шу ўринда табиий савол туғилади: янги қонун қабул қилинишига қандай зарурат бор?

Биринчидан, амалдаги қонунда музейлар томонидан хўжалик фаолиятини амалга ошириш, жумладан, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаган.

Иккинчидан, ҳозирда давлат музейларига бюджет маблағлари асосан музей фаолиятини сақлаб туриш, қуриш ва таъмирлаш ишлари учунгина ажратилмоқда. Бу эса музейлар ўзлари топган даромадлари кўрсатиладиган хизматларининг сифатини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мослаштириш имконини бермайди. 

Учинчидан, амалдаги “Музейлар тўғрисида”ги қонунда музей ҳудудида унинг ташкил этиш мақсадига зид бўлган ёки музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолиятни тақиқлаш масаласини тартибга солувчи қоида мавжуд эмас.

Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш, музейлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мослаштириш, уларнинг маҳаллий ташриф буюрувчилар ва туристлар учун жозибадорлигини ошириш учун ҳам ушбу қонунни қабул қилиш зарурати пайдо бўлган.

Таклиф этилаётган ҳужжатда музей ҳудудида унинг ташкил этиш мақсадига зид бўлган ёки музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолият тақиқланиши ҳақида қоида киритилмоқда.

Музейларга таъсис ҳужжатларига мувофиқ даромадларини кўпайтириш мақсадида музей ашёлари ва музей коллекциялари хавфсизлигини таъминлаган ҳолда даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Музейларга маданий мерос кўчмас мулк объектларидан фойдаланишда устуворлик ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар томонидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботи муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, қўмита томонидан қонунчилик фаолияти доирасида ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирокида ва экспертларни жалб қилган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга киритилган 15 та қонун (2020 йилда 8 та, 2021 йилнинг 9 ойида 7 та) ва 20 та масала дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 14 та тадбир ўтказилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ахбороти 4 марта, мудофаа вазири ҳамда Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси раисининг ахборотлари 1 мартадан, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг ахбороти 1 марта, фавқулодда вазиятлар вазири, Давлат божхона қўмитаси раиси, энергетика вазири ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимининг ахборотлари 1 мартадан эшитилган.

Сенатга келиб тушган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги (Facebook, Instagramm, Telegramm messenger ва ҳ.к.) мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан 3 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижаси қўмита ва Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинган.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги Давлат дастурлари ижроси бўйича 4 та вазифанинг бажарилиши таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари ҳамда 2020 йил 20 январдаги Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган 5 та устувор вазифа бажарилган.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси доирасида Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жиноятлар кўп содир этилган ҳудудлар мониторинг қилиниб, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати, жиноятчиликнинг ошиши сабаблари ҳамда бунга шарт-шароит яратаётган омиллар ўрганилиб, мутасадди раҳбарлар ахборотлари эшитилган ва натижалари юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.

Натижада Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноятчилик сони ортган Андижон шаҳрининг Ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасидан озод этилган.

Мамлакатимизда жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ички ишлар вазири ахборотлари 4 марта эшитилган.

Қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинишини ўрганиш фаолияти доирасида 7 та қонунни татбиқ этишга қаратилган қонуности ҳужжатлар қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилиниб, натижаси бўйича Сенат Кенгаши қарори қабул қилинган.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш соҳасида қўмита аъзолари томонидан ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 11 926 та (2020 йилда 7 400 та, 2021 йилнинг тўққиз ойида 4 526 та) ёзма мурожаат кўриб чиқилган, шундан 3 407 таси Сенатга келиб тушган мурожаатдир.

Назоратга олиниб юборилган 919 та мурожаатдан 170 таси (18%) ижобий ҳал қилинган. Тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг 722 тасига (78%) ташкилотлар томонидан фуқароларга тушунтириш берилган.

Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида 1 646 та учрашув ўтказилган.

Қўмита аъзолари томонидан Сенатда ва жойларда жами 6 947 нафар фуқаро қабул қилинган.

Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланиб, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 113 та сенатор сўрови юборилган.

Натижада ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси ва йўл қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал этилган.

Бундан ташқари, сенаторлар ташаббуси билан мамлакатимиздаги ўнлаб маҳаллаларга ичимлик суви ва табиий газ қувурлари тортилган, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида янги трансформаторлар ўрнатилган ҳамда янги мактаб ва оилавий поликлиникалар қуриб битказилган.

Мажлисда қўмитанинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси соҳасида фойдаланилмаётган имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйиш, ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини маҳаллий Кенгашларда эшитишда ҳамон расмиятчилик ва юзакиликка йўл қўйилаётганлиги боис ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида маҳаллий Кенгашлар назоратини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, қўмита аъзолари маҳаллий депутатлар ҳамда жойларда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига нисбатан, айниқса, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган жиноятлар сабабларини ўрганиб олдини олиш, маҳаллий Кенгашларда масъул комиссиялар, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатлар келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига имкон яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги фаолиятни янада кучайтириш зарур.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 3-банди ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ Ойбек Аъзамжонович Баракабаев ва Дониёржон Мухаматжонович Тожибоевни ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Олий суднинг айрим судьялари бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимларидан озод этилди.

Ялпи мажлисда 18 та масала, шу жумладан, 8 та қонун муҳокама этилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ