
Маълумки, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида давлат-хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли ётоқхоналарни барпо этиш ва талабаларни турар жой билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш белгиланган.
Шунга кўра, Ўзбекистон миллий университетида жами 2000 ўринли 4 та талабалар турар жойи бинолари қурилиши режалаштирилган. Ушбу режага мувофиқ ётоқхона қурилиши бўйича эълон қилинган тендер асосида талабалар шаҳарчасида 1000 ўринли 12 қаватли барча қулайликларга эга бўлган замонавий талабалар турар жойи биноси қурилишига старт берилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари, университет ректори ва ташаббускор тадбиркор янги талабалар турар жойи биноси қуриладиган ҳудудда бўлиб, лойиҳа билан яқиндан танишди.
Талабалар турар жойи биносининг лойиҳа қиймати 86 миллиард 400 миллион сўмни ташкил этади. Ётоқхонанинг 1–2-қаватлари талабаларга сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилади. Бунда барча турдаги маиший хизматлар, жумладан, “Book kafe”, компьютер хизмати, ахборот-ресурс маркази ва бошқа қулайликлар яратилади. Шунингдек, ушбу лойиҳа орқали 100 дан ортиқ талабаларни иш билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур университетда бугунги кунда 32,5 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Шундан 20 мингга яқини кундузги шаклда таҳсил олади. Уларнинг 11 мингдан ортиғида талаблар турар жойига эҳтиёж мавжуд.
Бугунги кунда муассасада 10 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларда жами 5 минг 130 нафар талаба истиқомат қилади. Бу эса эҳтиёжнинг ўртача 40 фоизга яқинини ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА