
Архивлар мамлакат тарихини, халқ ҳаётини ўзида мужассам этган маскан, ҳужжатли асосларга таянган йирик ахборот манбаидир. Уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, архивдан фойдаланишни соддалаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Архивлар фаолияти билан боғлиқ бўлган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Мазкур қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга нодавлат архивлар фаолиятини бошлаганлик ва тугатганлик тўғрисида хабарнома юборишни назарда тутувчи хабардор қилиш тартибини жорий этишга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда, — деди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов. — Шунингдек, нодавлат архив фаолиятини бошлаганлик бўйича ваколатли органни хабардор этмасдан фаолиятни амалга оширганлик, хабардор қилиш тартибида фаолият юритиш учун белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилганлиги юзасидан ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланиш, шунингдек, электрон архив ҳужжатлари билан боғлиқ қатор савол ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА