
Кўчмас мулкка бўлган талаб ошиб бораётган бир пайтда кўчмас мулкни ишончли ҳимоя қилиш ва кафолатлаш давр талаби ҳисобланади. Биз фойдаланиб, эгалик қилиб келаётган ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд кўчмас мулкларимиз ўзимизники. Лекин шу кўчмас мулк жойлашган ер участкаси-чи? Уни қандай хусусийлаштириш мумкин?
Бу саволга Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев қуйидагича жавоб беради:
– Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида Навоий вилояти бўйича 723 та ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ариза келиб тушган. Шундан 52 та ер участкасига ижобий хулоса берилган ва 28 та ер участкасига хусусийлаштириш бўйича ордер шакллантирилган.
Аввало, фуқаро Давлат хизматлари марказига ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни олиб боради. Ҳужжатлар илова қилинган ҳолда параллель равишда туман ёки шаҳар қурилиш бўлимлари ва кадастр бўлимларига ариза юборилади. Аризанинг кўриб чиқиш муддати 5 иш куни этиб белгиланган.
Тегишли тартибда аризага ижобий хулосалар олингандан кейин мулк эгаси 10 иш куни ичида хусусийлаштириш тўғрисидаги ордерни шакллантириш учун тўловни амалга оширади.
Тўлов тўлангандан сўнг мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни шакллантириш учун “Ерхусусийлаштириш” ААТ орқали Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига юборилади.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан бир иш кунида мулк ҳуқуқини берувчи ордер шакллантирилади ҳамда шакллантирилган ордерга асосан ер участкаси Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.
Реал вақт режимида аризачига Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали ҳужжатлар тақдим этилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири